Юртимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” бошланди
Юртимизда 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан "Бағрикенглик ҳафталиги" ўтказилмоқда. Ушбу ҳафталик доирасида “Янги Ўзбекистон” боғида Мустақиллик монументи пойига тантанали гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонланади.
Ўзбекистонда ушбу сана муносабати билан анъанавий равишда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади. Жорий йилда ҳам 16 ноябрдан бошлаб ҳафта давомида миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, турли миллат вакилларининг тили, маданияти ва анъаналарига ҳурматни юксалтиришга қаратилган илмий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Гулчамбар қўйиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
— Маросим иштирокчилари Президент ташаббуси билан бунёд этилган Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиб, халқимизнинг озодлик йўлидаги жасорати ва юрт равнақи йўлидаги бунёдкор меҳнатига эҳтиром билдирди, — дейди Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Озодбек Қувондиқов. — Кейинги тадбир жараёнлари доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш тадбири турли миллат вакилларини атроф-муҳитни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришдек умумий мақсад йўлида бирлаштирди.
“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ўтказиладиган тадбирлар турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, ёшларни мамлакатимиздаги маданий хилма-хиллик билан яқиндан таништириш ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган.
[gallery-32550]
Нигора Раҳмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА