Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 2 ноябрда “Ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан қандай янги меъёрлар жорий этилади? Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик қанчалик кучайтирилди?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Ҳар қандай давлат учун инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг тинч ва хавфсиз яшашини таъминлаш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу борада ёнғин хавфсизлиги масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, биргина ёнғин оқибатида инсон ҳаётига зомин бўлиниши, кўп йиллик меҳнат билан яратилган мол-мулк бир неча дақиқада кулга айланиши, оилалар ва тадбиркорлик субъектлари оғир иқтисодий йўқотишларга дуч келиши мумкин.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ кўрилаётган чораларга қарамасдан, ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли ҳодисалар ҳамон учраб турибди. Жумладан, 2025 йилда 11 минг 241 та ёнғин ҳолати қайд этилган бўлиб, оқибатда жисмоний ва юридик шахсларга 249,2 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Афсуски, кейинги йилларда савдо мажмуалари, бозорлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларида юз берган йирик ёнғинлар соҳадаги айрим муаммоларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини кучайтириш ҳамда таъсирчан ҳуқуқий механизмларни жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бунинг тасдиғини сўнгги вақтларда содир бўлган бир қатор ёнғин ҳодисалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2026 йил январь ойида Яшнобод туманидаги “Delux property” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Авиатор” савдо мажмуасининг 800 м2 майдонида ёнғин содир бўлиши оқибатида 1 нафар бола ҳалок бўлган.
Энг ачинарлиси, ёнғинлар оқибатида 2025 йилда 129 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган бўлса, 82 нафар фуқаро вафот этган. 2024 йилда ёнғинлар оқибатида 136 нафар фуқаро жароҳатланган ва 76 нафар фуқаро вафот этган. Кўриниб турибдики, вафот этганлар сони 8 фоизга ортган.
– Қонун қабул қилинишига қандай эҳтиёж бор эди?
– Амалдаги қонунчиликда ёнғин хавфсизлиги соҳасида комплекс ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар ва механизмлар тўлиқ яратилмагани, айрим ҳуқуқбузарликлар учун эса жавобгарликларнинг белгиланмагани ушбу соҳадаги қонунчиликни тубдан такомиллаштириш заруратини кўрсатди.
Хусусан, инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилганда товон пули тўлаш ҳамда фуқаровий жавобгарликни суғурталаш талаби белгиланмаган эди. Бинолар фасадида (пардоз ишларида) ёниш хавфи юқори қурилиш материалларининг эркин ишлатилиши ёнғин хавфини ошириб келган.
Объектларни текшириш ва фаолиятни тўхтатишга оид “юмшоқ тартиблар” соҳада назорат самарадорлигини пасайтирган. Ёнғинга қарши техник талаблар қонун даражасида белгиланмаган эди.
Лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотларига, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ҳамда ҳокимликларга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилмаган эди. Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун таъсирчан жавобгарлик чораларининг мавжуд эмаслиги ҳамда амалдаги санкцияларнинг ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига тўлиқ мос келмаслиги мазкур соҳада қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.
– Янги қонун билан қайси қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди?
– Қонун 8 та моддадан иборат бўлиб, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунларига ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш, ёнғин аудити ва ёнғиндан суғурта қилиш тизими билан боғлиқ бўлган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Биринчидан, Жиноят кодекси шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи 229-7-модда билан тўлдирилди.
Мазкур модда билан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва мутахассисларнинг қонуний фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларига чек қўйиш мақсад қилинган.
Яъни, мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қурилишга рухсат бериш, хулоса тайёрлаш ёки объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида масъул идоралар ва мутахассисларга босим ўтказса, улардан қонун талабларига зид қарор қабул қилишни талаб қилса ёки уларнинг мустақил фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашса, бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Иккинчидан, Жиноят-процессуал кодексида Жиноят кодексига янги киритилаётган 229-7-моддада назарда тутилган жиноятга доир ишлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органларининг терговчилари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун, суюлтирилган углеводород газини чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун, ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятни бажармаслик учун, ёнғин аудитини ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилди.
Бунда, янги киритилаётган 99-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан, 101-1-моддасида назарда тутилган, яъни суюлтирилган газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларида бериш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан, 211-1 ва 211-2-моддаларида назарда тутилган, ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятни бажармаганлик ва ёнғин аудитини ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Тўртинчидан, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда асосий принциплар белгиланди ҳамда лойиҳа ташкилотларининг, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Бинолар ва иншоотларнинг функционал ёнғин хавфи бўйича таснифлари, уларнинг ёнғин хавфсизлигига қўйиладиган минимал техник талаблар, функционал ёнғин хавфи бўйича бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигининг техник талаблари, ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришда ёнғин хавфсизлигига оид талаблар қайд этилди.
Ёнғин аудитини ўтказишга доир талаблар белгиланиб, қонунчилик ёнғин-қутқарув гарнизони тўғрисида янги норма билан тўлдирилди.
Бозорларнинг, савдо комплексларининг ва савдо-кўнгилочар марказларининг мулкдорлари учинчи шахслар ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёнғин юзага келиши натижасида зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлиги, шунингдек, ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиши белгиланди.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш тартиби ва муддатлари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ талаблар аниқлаштирилди.
Бешинчидан, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунга бозорларнинг, савдо комплексларининг ва савдо-кўнгилочар марказларининг мулкдорлари учинчи шахслар ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёнғин юзага келиши натижасида зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини, шунингдек ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилишига оид қўшимчалар киритилди.
Қонун мамлакатимизда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларининг янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2027 йил 5 февралда кучга киради.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.