Қорақалпоғистонда йўллар янгиланмоқда: Осиё банклари иштирокида йирик лойиҳалар
Қорақалпоғистон Республикасида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Осиё банклари ва маҳаллий маблағлар ҳисобига юзлаб километр йўллар, кўприклар янгиланиб, бу ишлар ҳудуд транспорт салоҳиятини оширишга қаратилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, кўприк ҳамда бошқа йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш борасида қатор ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Осиё тараққиёт банки иштирокида А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 581–673 кмлари оралиғидаги 92 км қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур автомобиль йўли Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтади. Лойиҳанинг умумий қиймати 233,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 25 та кўприк ва 14 та йўл ўтказгич мавжуд.

Ҳозирда объектда қурилиш-монтаж ишлари бошланган. Шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикасидаги 328,1 км умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларини тўлиқ таъмирлаш лойиҳаси белгиланган. Мазкур лойиҳа доирасида Амударё, Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа, Чимбой, Кегейли, Нукус, Тахтакўпир, Қораўзак, Қанликўл, Шуманай, Қўнғирот, Мўйноқ ва Хўжайли туманларидаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Лойиҳа 4 та лотга бўлинган. Ҳозирги кунда тендер савдолари якунланган, пудратчи ташкилотлар аниқланган ва объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллий автомобиль йўлларининг техник ҳолатини яхшилаш, аҳоли пунктлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишдан иборат. Бундан ташқари, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 4 та автомобиль йўли ва йўл инфратузилмаси объектини реконструкция қилиш учун жами 110 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Булар А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 698–723 км оралиғини реконструкция қилиш, 4Р176 “Нукус шаҳри – Чимбой шаҳри – Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 5 км қисмини реконструкция қилиш, А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 787 км қисмида жойлашган йўл ўтказгични реконструкция қилиш ҳамда D231 “Қўнғирот – Мўйноқ” автомобиль йўлининг 11,8 км қисмидаги кўприкни реконструкция қилиш лойиҳалари бўлиб, ушбу объектларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

4Р174 “Нукус шаҳри – Хўжайли шаҳри” автомобиль йўлининг 0–11 км оралиғини реконструкция қилиш объектида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланган. Ҳозирги кунда объектни фойдаланишга қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2026 йилда Қўнғирот туманида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилаш ишлари белгиланган. Мазкур дастур доирасида Қўнғирот тумани учун жами 30 миллиард 553,4 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, ҳисобот даврига қадар 29 миллиард 270,2 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Чимбой туманида автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш учун жами 9 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Осиё тараққиёти банки иштирокида А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 673—698 км жами 25 км қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилинмоқда. Умумий қиймати 48,7 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур лойиҳа бўйича объектда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда ва объект йил сўнгига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикасида оғир ҳудудлар ва оғир маҳаллаларни ривожлантириш дастурлари доирасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Оғир ҳудудлар дастури доирасида Қанликўл, Шуманай, Мўйноқ ва Бўзатов туманларида жами 74 км автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 91 миллиард 342 миллион сўм маблағ ажратилган. Оғир маҳаллалар дастури доирасида эса жами 20,3 км автомобиль йўлларини таъмирлаш учун зарурий маблағ йўналтирилган. Ҳозирги кунда мазкур дастурлар доирасида белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган.
Қорақалпоғистон Республикасида табиий офат натижасида автомобиль йўллари ва кўприк иншоотларига етказилган зарарларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинган алоҳида дастур доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур дастур доирасида жами 8 та объект, жумладан, 7 та кўприк иншооти ва 1 та автомобиль йўлини тиклаш ҳамда таъмирлаш белгиланган. Ушбу ишлар учун жами 17 миллиард 838 миллион сўм маблағ ажратилган. Объектларда белгиланган вазифаларни бажариш орқали транспорт ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш, йўл ва кўприк иншоотларининг техник ҳолатини тиклаш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда мазкур дастурлар доирасида белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган.

Автомобиль йўлларини сақлаш ва қишки мавсумга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисобот даврида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, жорий таъмирлаш, йўл қопламаларида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш ҳамда куз-қиш мавсумида йўлларда узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. 2026 йилда “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсуми доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари Бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар томонидан тендер савдоларида 7 та объект ғолиблик асосида қўлга киритилган. Мазкур объектларда белгиланган ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилган.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА