Юридик институтда “Адлия китобхонлари” танлови: Мақсад – мутолаа
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш, энг аввало, соҳа мутахассисларининг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашига боғлиқ. Шу боис, юридик кадрларнинг билим ва малакасини ошириш билан бир қаторда, улар ўртасида китобхонлик муҳитини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ходимлар ўртасида “Адлия китобхонлари” танлови ўтказилди.
Китобхонлик маданиятини юксалтириш, мустақил ва таҳлилий фикрлаш ҳамда нотиқлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мазкур танловда иштирокчилар ўзлари мутолаа қилган асарлар юзасидан тақдимот-тақризларини намойиш этди.
Тақдимотларда асарларнинг асосий ғояси, улардан олинган ҳаётий сабоқлар, касбий ва шахсий ривожланишдаги аҳамияти ёритилди. Иштирокчилар адабий қаҳрамонларнинг тақдири ва танловларига муносабат билдириб, шахсий хулосаларини ижодий ёндашув асосида ифода этди.

Хусусан, иштирокчилар бир нечта шартлар бўйича, жумладан, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳақидаги билимлари ҳамда асарларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш бўйича ўзаро беллашди.
Танлов якунида иштирокчилар тақдирланиб, уларнинг китобхонликка бўлган қизиқиши, фаоллиги ва ижодий изланишлари эътироф этилди.
Қайд этилганидек, мазкур тадбир ҳамкасблар ўртасида китоб ҳақидаги фикрларни баҳам кўриш, янги асарлар билан танишиш ва мутолаага қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА