Фарғона шаҳри боғча болаларининг касалланиши ҳақида
Фарғона шаҳридаги 2-сонли, 7-сонли ва 47-сонли МТТ тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Озиқ - овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг расмий баёнотида айтилишича, дастлабки эпидемиологик суриштирувлар учун МТТларда болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилди. Жумладан, нонушта, тушлик, кечки тамаддида истеъмол қилган маҳсулотлари, ушбу маҳсулотларни етказиб берувчилар аниқланган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр таомлардан бактериологик текширувлар учун намуналар олинган.
Айни вақтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда. Прокуратура идораси мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатган ва суриштирув олиб бормоқда.
– 2026-йил 26 октябрь соат 16:00 ҳолатига 22 нафар бола юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги беморлар мавжуд эмас. Даволаш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд, – деди Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Султонали Боййигитов. – Мурожаат қилган 29 нафар боланинг умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланганлиги сабабли уларга тегишли тиббий тавсиялар берилиб, уй шароитида даволаниш учун рухсат этилган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА