Халқ билан ҳамнафас
Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ташкил этилганлигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан ижодий учрашув ўтказилди.
Тадбирда газеталар таҳририяти вакиллари, самарқандлик журналистлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этиб, давлатимиз мустақиллиги тенгдоши бўлган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари босиб ўтган йўл ва айни пайтда парламент нашри сифатида унинг жамиятимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, муштарийларни тезкор ва холис ахборотлар билан таъминлашдаги роли ҳақида сўз юритдилар.
– Ватанимизнинг мустақилликка эришиши, дастлабки йиллардаги ислоҳотлар жараёнлари, халқимиз онгу тафаккуридаги ўзгаришлар газеталаримиз саҳифаларида кенг ёритиб борилган ва бу материаллар бугун юртимиз яқин тарихининг қимматли манбаси ҳисобланади, – деди “Халқ сўзи” газетаси бўлим мудири Саид Раҳмонов. – Шунинг учун ҳам бугун дунёда интернет нашрлар, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш оммалашиб, анъанавий босма нашрларнинг тақдири кўпчиликни ўйлантириб қўйган бир пайтда ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, газета ва журналлар тарихни ўзида акс эттириши билан доим зарур ва кераклидир. Лекин замон талабидан келиб чиқиб, халқ билан ҳамнафас бўлиб, биз ҳам газеталаримизни босма нашр қилиш билан бирга унинг электрон саҳифаларини юритяпмиз. Ўз сайтимизни, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни ташкил қилиб, нафақат ёзма, балки аудио, видеоматериаллар ҳам бериб боряпмиз. Бугунги кунда нашрларимизнинг электрон шаклини кузатувчилар ҳам йилдан йилга кўпаймоқда.
Учрашувда газеталар таҳририятининг 35 йиллик фаолияти ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилди. Самарқандлик ижодкорлар, ўқитувчилар “Халқ сўзи” ва “Народное слово” ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
[gallery-32178]
– “Халқ сўзи” ўтган аср тўқсонинчи йилларида юртимизда мустақиллик сари ҳаракат бошланган, ижодкорларнинг эркин фикр, эркин сўзи баралла янграй бошлаган бир пайтда халқнинг чинакам овозига айланиши учун ташкил этилган газета, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. – Ва ўтган давр мобайнида нашр бу ишончни оқлади, халқимиз учун, журналистлар учун эркин минбар вазифасини ўтади. Газеталар саҳифаларида юртимиз ҳаётига доир расмий хабар ва мақолалар берилиши билан бирга долзарб муаммолар, халқни ўйлантираётган масалалар ҳам кўтариб чиқилдики, бунинг натижасида ўша муаммоларга ечим топилди, халқнинг мушкули осон бўлди. Бугунги кунда иккала газета ҳам парламентимиз нашри сифатида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнларидан халқимизни воқиф этмоқда.
Тадбирда самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар, таҳририят ҳамкорларига газеталарнинг 35 йиллиги муносабати билан “35 йил халқ билан ҳамнафас” эсдалик нишони топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари