Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида магистратура дастурлари очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида 2026/2027 ўқув йили учун кундузги таълим шаклидаги магистратура дастурларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Академия, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси раҳбарлари иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам нутқ сўзлаб, замонавий давлат бошқарувида рақамли технологиялар, инновацион ёндашувлар ва илғор билимларнинг аҳамиятига тўхталди.
Вазир ўз нутқида давлат бошқаруви тизимида самарадорликни ошириш, замонавий технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда раҳбар кадрларнинг рақамли компетенцияларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, янги авлод раҳбарлари ўз фаолиятида замонавий билимларни амалиётга татбиқ этиши, янгича фикрлаши ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиши зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда сўзга чиққан раҳбарлар янги қабул қилинган тингловчиларга давлат хизматида юксак касбий салоҳият билан бир қаторда маънавий етуклик, ҳалоллик, халқ манфаатларига садоқат ва шахсий масъулият ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Хусусан, раҳбарнинг маънавий қиёфаси ва шахсий намунаси, маҳаллий даражадаги муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга ечим излаш, халқпарварлик ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиш ҳамда мамлакат тараққиёти йўлида масъулият билан ишлаш каби фазилатларни кундалик касбий фаолиятнинг ажралмас қисмига айлантириш зарурлиги қайд этилди.

Жорий ўқув йилида Академия магистратурасига кундузги ва масофавий таълим шакллари бўйича 3 минг нафардан ортиқ номзод ҳужжат топширди. Танлов натижаларига кўра, 189 нафар номзод кундузги таълим шаклида таҳсил олиш учун тавсия этилди.
18 ойлик магистратура дастури назарий билимларни амалий бошқарув тажрибаси билан уйғунлаштириш, таҳлилий фикрлаш, далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва мураккаб бошқарув вазифаларига самарали ечим топиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА