Энди маҳалланинг ўз поликлиникаси бор
Фарғона вилояти Данғара тумани "Катта бойбуча" МФЙда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш мақсадида 4,5 миллиард сўм маблағ эвазига давлат дастури асосида барпо этилган уч қаватли 26-сонли оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Янги поликлиника маҳалла аҳолиси учун муҳим ижтимоий объект бўлиб, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда алоҳида аҳамият касб этади. Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий ва қулай тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Поликлиниканинг замонавий талаблар асосида барпо этилгани, тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилгани ва аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайгани алоҳида эътироф этилди. Поликлиника хоналари тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча жиҳозлар билан таъминланган. Беморларга эса қатнаб даволаниш учун қулай шароитлар яратилган.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА