"Ёшлар парламенти" аъзолари учун янги имкониятлар таклиф этилди
Республика Маънавият ва маърифат марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги "Ёшлар парламенти" аъзолари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва юртимиз тараққиёти йўлида олиб борилаётган ишлар акс этган видеоролик намойиш этилди.

Учрашувда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, "Ёшлар парламенти" раиси Отабек Собитов ҳамда "Маърифат" тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов сўзга чиқиб, ёшларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрни, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ҳамда билим ва салоҳиятини юзага чиқаришнинг аҳамиятига тўхталди.

Отабек Ҳасанов ўз нутқида сиёсий фаолият катта масъулият, қатъият ва фидойиликни талаб этишини таъкидлаб, бу йўлни танлаган ёшларни ўз мақсадлари сари изчил интилишга чақирди.
Мулоқот давомида ёшларнинг билим олиши, ўз лойиҳаларини амалга ошириши ва маънавий-маърифий фаолиятда янада фаол иштирок этиши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биносида "Ёшлар парламенти" кутубхонасини ташкил этиш, ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион сўмлик грант ажратиш ҳамда фаол ёшларни "Маърифат" тарғиботчилар жамияти сафига жалб этиш масалалари кўтарилди.
Шунингдек, "Ёшлар парламенти" вакиллари ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар билан тизимли ишлаш, янги ташаббусларни илгари суриш ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги фаолиятлари ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида "Ёшлар парламенти"нинг етти нафар вакили "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолигига қабул қилинди.
Мазкур мулоқот ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, маънавий салоҳиятини юксалтириш ва уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА