“Яшил макон” нинг кузги мавсуми бошланди
Мазкур эътиборга молий лойиҳанинг кузги мавсумига Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларда бир вақтда старт берилди.
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва атроф-муҳит мусаффолигини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада Президентимиз ташаббуси билан асос солинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси муҳим аҳамият касб этяпти.

Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган кузги кўчат экишга бағишланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, экология фидойилари, нуронийлар, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов экологик муҳитни яхшилаш, дарахтзорлар майдонини кенгайтириш ва ҳар бир кўчатнинг яшовчанлигини таъминлаш нечоғлик долзарб эканлигини қайд этди.


Эътиборлиси, тадбирда “Zoom” платформаси орқали вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари ҳам онлайн қатнашди. Ҳудудларда кўчат экиш ишларига бир пайтнинг ўзида киришилди.


– Вилоятимизда 2017-2025 йиллар давомида 75 миллион тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди, – деди Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси (Экополиция) ахборот хизмати раҳбари Орифжон Жўраев. – Алоҳида айтиш даркор, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 сентябрдаги тегишли фармони ижроси доирасида 2030 йилга қадар вилоятимизда 70 та яшил боғ ва жамоат парки ташкил қилиш, сояли сайр кўчаларини барпо этиш вазифалари белгилаб олинган.


Тадбир давомида вилоят ҳокими томонидан Поп, Чуст ва Норин туманларига жами 10 та янги, замонавий махсус чиқинди ташиш машинаси топширилди. Мазкур техникалар ўз навбатида ҳудудларда тозалик ва ободонлаштириш ишларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири