Инсон саломатлиги посбони бўлишга қасам ичишди
Инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашдек шарафли масъулиятни зиммага олиш юксак билим, фидойилик ва садоқатни талаб этади. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Гулистон давлат университетида ўтказилган тадбирда биринчи босқич талабалари тиббиёт касбига кириш қасамёдини қабул қилиб, келгусида инсонлар дардига малҳам бўлиш ва халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга бўлган садоқатларини намоён этишди.
Унда университет раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Университет Тиббиёт факультетининг «Даволаш иши» ва «Педиатрия иши» таълим йўналишларида таҳсил олаётган биринчи босқич талабалари учун ушбу маросим алоҳида аҳамият касб этди. Зеро, қасамёд улар учун шунчаки тантанали маросим эмас, балки танлаган касбининг моҳиятини англаш, инсон ҳаёти олдидаги масъулиятни ҳис этиш ва келгусида шифокорлик бурчига содиқ қолишга берилган ваъдадир.
Тадбирда университет ректори Мухсин Ходжиев, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов сўзга чиқиб, бўлажак шифокорларни ҳаётларидаги муҳим воқеа билан табрикладилар. Нотиқлар шифокорлик нафақат чуқур билим ва юксак малака, балки меҳр-оқибат, сабр-тоқат, ҳалоллик ва улкан масъулиятни талаб этадиган шарафли касб эканини таъкидладилар. Ёшларга ўқиш ва изланишдан тўхтамаслик, замонавий тиббиёт ютуқларини пухта эгаллаш ҳамда келгусида халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш истагини билдиришди.

— Тиббиёт факультетининг биринчи босқич талабалари учун ташкил этилган қасамёд маросими шунчаки тантанали тадбир эмас. Бу, аввало, шифокорлик касбини танлаган ҳар бир ёшнинг зиммасига улкан масъулият юклайдиган, уларни танлаган йўлининг моҳияти ва аҳамиятини чуқур англашга ундайдиган муҳим маънавий воқеадир.
Шифокор бўлиш учун фақат назарий билим ва амалий кўникмаларнинг ўзи етарли эмас. Бу касб эгасидан юксак инсоний фазилатлар, бемор дардини ҳис қилиш, меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва, энг муҳими, инсон ҳаётига дахлдор ҳар бир қарор учун жавобгарликни ҳис этиш талаб қилинади. Бугун қасамёд қабул қилган талабаларимиз ана шу шарафли ва масъулиятли йўлни танлаганларини яна бир бор қалбан англадилар.
Бизнинг вазифамиз уларга нафақат замонавий тиббий билим ва амалий кўникмаларни бериш, балки касбий этика, инсонпарварлик ва шифокорлик бурчига садоқат руҳида тарбиялашдан ҳам иборат. Ишонаманки, бугунги қасамёд ёшлар учун бутун касбий фаолияти давомида амал қиладиган ҳаётий мезонга айланади. Улар келажакда халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган етук мутахассислар бўлиб етишадилар, — деди тиббиёт факультети декани, тиббиёт фанлари номзоди Фарҳод Шерназаров.

Байрам муносабати билан ўз касбига садоқат ва фидойилик билан ёндашиб келаётган шифокор-педагоглар, шунингдек, иқтидорли талабаларнинг таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган ота-оналар университет ректори томонидан тақдирланишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Тиббиёт факультети талабалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ижодий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, байрам шукуҳини янада оширди.

Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида биринчи босқич талабалари тантанали равишда тиббиёт касбига кириш қасамёдини қабул қилишди. Ушбу қасамёд орқали улар инсон ҳаётини асраш, беморларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, касбий бурчларини виждонан бажариш ҳамда шифокорлик касби шаънини доимо юксак тутишга сўз бердилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири