Ватанпарварлик ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ўтказилди
Бугунги глобаллашув ва ахборот хуружлари кучайиб бораётган даврда ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат, мустақил фикрлаш ва юксак маънавий фазилатлар руҳида тарбиялаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жамиятда китобхонлик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар изчил давом этмоқда.
Давлат раҳбари илгари сураётган маънавий тараққиёт, маърифатли жамиятни шакллантириш ва ёшларни замонавий билимлар билан бирга мустаҳкам ҳаётий қарашлар асосида тарбиялашга қаратилган устувор вазифалар Бухоро вилоятида ўтказилган “Маърифат ҳафталиги” тадбирларида ҳам ўз ифодасини топди.
Ҳафталик доирасида Бухоро давлат университетида “Уйғоқ идрок” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермухаммедова, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Қобилов, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мафтуна Намозова, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Жаҳонгир Мелиқўзиевлар ва бошқалар иштирок этишди.
Мулоқотда миллий ва умуминсоний қадриятлар, диний бағрикенглик, ахборот маданияти, интернетдан оқилона фойдаланиш, ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, ахборот маконида ҳар қандай маълумотни таҳлил қилиш, воқеа-ҳодисаларга танқидий ёндашиш, мустақил фикрга эга бўлиш ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олишди. Зеро, бугунги ёшлар нафақат ахборот истеъмолчиси, балки уни таҳлил қила оладиган, ҳақиқатни англайдиган ва ўз мустақил позициясига эга шахс бўлиб камол топиши лозим.

Ҳафталик тадбирлари таълим муассасалари билан бир қаторда, аҳоли ва турли соҳа вакилларини ҳам қамраб олмоқда. Жумладан, Бухоро шаҳрида Миллий гвардия ходимлари иштирокида “Ўзбекистон — ўзимизники!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Ватанга садоқат, миллий ўзликни англаш, юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳисси хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон барчамиз учун умумий уй, унинг мустақиллиги, тинчлиги ва равнақи эса ҳар бир фуқаронинг масъулияти экани алоҳида қайд этилди.
Бухоро шаҳридаги муддатли ҳарбий хизматчилар учун ташкил этилган “Маърифат соати” лойиҳаси ҳам ҳафталикнинг мазмунан муҳим тадбирларидан бири бўлди. Унда 150 нафардан зиёд ҳарбий хизматчи иштирок этиб, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар, юрт осойишталигини таъминлаш ва ҳарбий бурчга садоқат мавзуларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида Ватан ва жасоратни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради, она юрт ҳақида шеърлар ўқилди. Бадиий чиқишлар ҳарбий хизматчиларга кўтаринки кайфият бағишлаш билан бирга, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Шунингдек, Асман университетида талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар ва ёшлар етакчилари иштирокида “Маърифат соати” лойиҳаси ташкил этилди. Унда ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий-ахлоқий тарбиясини мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш, замонавий билим ва тафаккурни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот ва савол-жавоблар жараёнида интернетдан оқилона фойдаланиш, ахборот хуружларига қарши онгли муносабатни шакллантириш, ёшларнинг мустақил фикрлаши ва маънавий иммунитетини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу тадбирларнинг мазмун-моҳиятига назар ташласак, уларни бирлаштириб турган асосий ғоя — маърифат орқали инсон тафаккурини юксалтириш, Ватанга дахлдорлик туйғусини кучайтириш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришдан иборат.

Зеро, Ватан ҳимояси фақат сарҳадларни қўриқлаш ёки ҳарбий бурчни адо этиш билангина чекланмайди. У юрт тақдирига бефарқ бўлмаслик, миллий қадриятларни асраш, илм олиш, ҳалол меҳнат қилиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишда ҳам намоён бўлади. Бундай фазилатларнинг асоси эса, аввало, маърифат ва юксак тафаккурдир.
Бухорода ўтказилган “Маърифат ҳафталиги” доирасидаги учрашув ва мулоқотлар ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, маърифат ғоясининг таълим муассасалари, ҳарбий жамоалар ва кенг жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этилиши ёшларнинг ҳаётий қарашларини бойитиш, уларда фуқаролик масъулияти ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш учун муҳим маънавий майдон яратмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири