Табиатга 8,9 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланди
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ер ва ер ости бойликларини асраб-авайлаш, экологик қонунбузилишларнинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий бойликлардан қонуний фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор бу борада масъул идоралар олдига муҳим вазифаларни қўймоқда.
Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан дронлар ёрдамида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида Ғиждувон туманида ана шундай экологик қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, туманнинг “Кўкча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги яйлов ер майдонидан фуқаро Б.Ғ. ўзига тегишли бўлмаган ҳудудда ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олган.
Мутахассислар томонидан ўтказилган ўрганиш ва ҳисоб-китоблар натижасида ушбу қонунбузилиш оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 8,9 миллиард сўм этиб баҳоланди.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш, ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда етказилган зарарни ундириш масаласини ҳал этиш учун вилоят прокуратурасига юборилди.
Бу рақамлар табиий бойликларга нисбатан масъулиятсиз муносабат қандай оғир экологик ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яққол кўрсатади. Айниқса, яйлов ерларида рухсатсиз қазиш ишларини олиб бориш нафақат ер қопламининг бузилиши, балки ҳудуднинг табиий мувозанатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири