Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими назоратдан ўтказилди
Бухоро вилоятида 165 минг нафардан ортиқ истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланади. Уларни узлуксиз ва сифатли газ билан таъминлаш, етказиб бериш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ҳамда тизимда интизом ва хавфсизликни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан биридир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ҳамда “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшид Муҳаммедовлар “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида бўлишиб, соҳадаги мавжуд ҳолат ва амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил сентябрь ойида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад — аҳолини суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳага хусусий сектор ва инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзилли механизмларига ўтишдан иборат.

Ушбу ислоҳотлар доирасида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳузурида “LPG-Trade” компаниясининг ташкил этилгани ҳам тизимда янги бошқарув ва хизмат кўрсатиш механизмларини шакллантиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Ишчи гуруҳ томонидан дастлаб суюлтирилган газ таъминотини бошқаришга мўлжалланган электрон дастур имкониятлари, унинг иш жараёнидаги қулайликлари ва самарадорлиги ўрганилди. Шунингдек, Когон туманидаги “Бахтли Шерзод” МЧЖга қарашли газ тўлдириш станцияси ҳамда Ромитан туманидаги газ тўлдириш шохобчалари фаолияти жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди.

Ўрганишлар давомида объектларда қўриқлаш тизимини янада кучайтириш, моддий бойликларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик, газ баллонларини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш, таъминотда узилишларнинг олдини олиш ва фуқаролар мурожаатларини тезкор ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, иш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, газ таъминотидаги ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси, аввало, уларнинг аҳоли кундалик ҳаётида қанчалик сезилиши билан ўлчанади. Бинобарин, ҳар бир истеъмолчига газ баллонининг ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилиши, хизмат кўрсатишда шаффофлик ва масъулиятнинг таъминланиши тизим олдидаги энг муҳим вазифадир. Амалий ўрганишлар ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири