Янгибозор туман судининг биноси янгиланди
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судининг реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Хоразм вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят суди раиси, суд фахрийлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда судьялар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар янгиланган суд биносининг фойдаланишга топширилиши билан барчани муборакбод этиб, мамлакатимизда одил судловни таъминлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган. Бу жараёнда судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, суд биноларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ва судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида суд биноларини замонавийлаштириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда одил судловни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллиард 165,1 миллион сўмни ташкил этиб, белгиланган реконструкция ишлари тўлиқ, яъни 100 фоиз бажарилди.
Лойиҳа доирасида суднинг мавжуд икки қаватли биноси реконструкция қилинди, назорат-ўтказиш пункти ва ёрдамчи бино қурилди. Шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, суд биноси замонавий ва кўркам қиёфага келтирилди.

Тантанали маросимда рамзий лента кесилиб, иштирокчилар суд биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Янгиланган бинода суд фаолиятини самарали ташкил этиш ва суд процесси иштирокчилари учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бир вақтнинг ўзида уч нафар судья томонидан суд ишларини кўриб чиқиш имконини берувчи учта замонавий суд мажлиси зали ташкил этилди, прокурорлар ва адвокатлар учун алоҳида хизмат хоналари, фуқаролар учун қулай кутиш заллари барпо этилди.

Шунингдек, болалар учун кичик майдонча ташкил қилиниб, тиббиёт хонаси жиҳозланди. Имконияти чекланган фуқароларнинг бинога эркин кириб-чиқиши ва ҳаракатланиши учун махсус йўлаклар ҳамда тактил кўрсаткичли бўртма белгилар ўрнатилди. Суд фаолияти учун зарур замонавий техник ва ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозир икки судя таркибида фаолият юритаётган туман суди учун яратилган янги имкониятлар суд ишларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, суд процесси иштирокчиларига янада қулай шароит яратиш ҳамда суд фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА