Вадим Титов: Ўзбекистон – Россия шериклиги аниқ натижада намоён
Россия Федерацияси Президенти Администрациясининг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Вадим Титов Ўзбекистон билан муносабат энг юқори даражага кўтарилганини таъкидлади.
Қайд этилишича, бугунги кунда икки мамлакат ҳамкорлиги савдо-иқтисодиёт, энергетика, таълим ва маданият соҳасидаги аниқ лойиҳаларда ифодасини топмоқда. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш сўнгги йилларда бир неча баробар ортиб, рекорд кўрсаткичга чиққан.
Ўзбекистонда айни пайт РФ олий таълим муассасаларининг 15 филиали фаолият юритмоқда, Россияда эса ўн минглаб ўзбекистонлик талаба таҳсил оляпти.
Шунингдек, меҳмон давлатларимиз медиа вакиллари мулоқоти умумий тарихни акс эттириши баробарида мавжуд шерикликни чуқурлаштириш ва келгуси қўшма ташаббусларни кенг ёритишга хизмат қилишини таъкидлади.
Масалан, келаси йил Россия Миллий маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида Россияда Ўзбекистон кунлари, Ўзбекистонда эса Россия кунлари ўтказилади. Ушбу тадбирларда икки мамлакат тарихи, маданияти, иқтисодий салоҳияти замонавий интер фаол ва мультимедиа форматида намойиш этилади.
Д. Ҳакимов, ЎзА