Пластик идишни ташламанг, топширинг: табиатга ҳам, ҳамёнга ҳам фойда
Атрофга улоқтириб кетилган пластик идиш, бўш алюминий банка ёки шиша идиш ким учундир оддий чиқинди бўлиб кўриниши мумкин. Аммо уларни тўғри саралаб, қайта ишлашга йўналтириш орқали ҳам табиатни асраш, ҳам иқтисодий фойда олиш мумкин. Бугун бу жараёнга хизмат қилаётган технологиялардан бири — фандоматлар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, фандомат пластик, шиша идишлар ва алюминий банкаларни автоматик равишда қабул қиладиган, уларни саралашга йўналтирадиган ва топширган фуқарони моддий рағбатлантирадиган махсус қурилма. Оддий қилиб айтганда, бу — чиқиндини пулга айлантирадиган автомат.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрнатилган фандомат қурилмалари орқали бир ой давомида 16 минг 581 дона чиқинди идиш қабул қилинди. Бу идишларнинг асосий қисмини пластик маҳсулотлар ташкил этган. Хусусан, бир ойда 14 минг 899 дона пластик идиш, 1 минг 289 дона алюминий банка ва 393 дона шиша идиш топширилган. Қабул қилинган идишлар эвазига фойдаланувчиларга жами 2 миллион 411 минг 236 сўм тўлаб берилган.

Юқоридаги рақамлар ортида муҳим жараён акс этган. Бир киши бўш пластик идишни чиқинди қутисига ташлаш ўрнига фандоматга топширади. Натижада чиқинди идиш қайта ишлаш учун зарур хомашёга айланади, топширган фуқаро эса бунинг учун муайян маблағ олади. Яъни, чиқинди шунчаки йўқотиладиган нарса эмас, балки қайта фойдаланиш мумкин бўлган ресурс сифатида қадрлана бошлайди.

Бироқ, фандоматлар самарадорлиги фақат қабул қилинган идишлар сони ёки тўланган маблағ билан баҳоланмайди. Бу тизимнинг яна бир муҳим вазифаси — одамларнинг чиқиндига бўлган муносабатини ўзгартиришдан иборат. Чунки чиқиндини саралаш одатга айланмаса, ҳатто энг замонавий қурилмалар ҳам кутилган натижани бермайди.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА