Андрей Кондрашов: Ишончли ахборот ва муштарак тарих медиа ҳамкорлигининг асосидир
III Ўзбекистон – Россия медиа форумида Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги бош директори Андрей Кондрашов икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, замонавий медиа олдида турган вазифалар ва қўшма лойиҳалар истиқболи ҳақида сўз юритди.
У дастлаб Россия Ўзбекистон учун муҳим стратегик ҳамкор ва иттифоқчи эканини таъкидлади. Икки мамлакатни нафақат сиёсий-иқтисодий алоқа, балки миллионлаб инсон тақдири, умумий тарих ва кўп йиллик дўстлик боғлаб туришини эслатди.
Дарҳақиқат, қайд этилганидек, умумий тарихий хотира ҳар икки халқ маънавий мероси сифатида асраб-авайланиши, кейинги авлодларга етказилиши керак. Бу борада ОАВ зиммасига муҳим вазифа юкланади. Умумий тарих ҳақидаги ҳикоялар фақат саналардан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Янги авлодга мунтазам етказилиши учун мақола, ҳужжатли фильм жанрларидан, шунингдек архив материаллари ва замонавий рақамли форматдан кенг фойдаланиш мумкин.
ТАСС раҳбари Ўзбекистон ҳақидаги ишончли ва мазмунли ахборотни РФ аудиториясига етказиш, ўзбекистонлик ўқувчи ва томошабинларни эса Россиядаги воқеалардан холис хабардор қилиш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, бугунги рақамли муҳитда ахборотнинг ишончлилиги масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий тармоқ ва рақамли платформалар орқали маълумот жуда тез тарқалади. Бинобарин, тезкорлик ҳар доим ҳам ахборот тўғрилигини англатмайди. Текширилмаган хабар, манипуляция ва сохта маълумот аудиторияни чалғитади.
Сунъий интеллект технологияси ривожланиши эса бу муаммони янада мураккаблаштирмоқда. Бугун ҳақиқий воқеа ёки бирор шахснинг чиқишига оид тасвир, аудио ва видео лавҳа яратиш қийин эмас. Шу боис журналист ахборот манбасини текшириши, фактга таяниши ва таҳририят масъулиятига янада қатъий ёндашиши шарт.
Россия вакили медиа ташкилотларимиз учун маданий меросни асраш ва миллий қадриятни тарғиб қилиш борасида ҳам кенг имконият мавжудлигини таъкидлар экан, қўшма ҳужжатли ва бадиий фильмлар, тарихий саналарга бағишланган махсус лойиҳалар ҳамда икки мамлакат маданияти ҳақидаги материалларни кўпайтириш таклифини илгари сурди. Бу борада ТАСС архивида сақланаётган фото суратлар муҳим манба бўла олади.
Шунингдек, туризм, спорт, таълим ва ёшлар алмашинувига оид қўшма медиа лойиҳаларни ривожлантириш истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди. Мутахассис фикрича, муайян шаҳар, иқтидорли ёш олим, спортчи ёки тадбиркор ҳақидаги сифатли репортаж ҳар икки томон ўқувчисининг ўзаро қизиқишини кучайтириши ва расмий хабарга нисбатан аудиторияга самаралироқ таъсир кўрсатиши мумкин.
Сўзи якунида Андрей Кондрашов икки мамлакат медиа тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимли йўлга қўйиш муҳимлигига эътибор қаратди. Учинчи Ўзбекистон – Россия медиа форуми янги мулоқот, амалий ташаббус ва қўшма лойиҳалар учун муҳим майдон бўлишига ишонч билдирди.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА