Аҳолини энергетика ресурслари билан таъминлаш жараёнидаги қонунбузарликларга чек қўйилмоқда
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергетика ресурслари, жумладан, кўмир, табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Ички ишлар органлари ходимлари маҳсулотларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини назорат қилиш, таъминот жараёнида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар, ўзлаштириш ва талон-торожликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу борада тегишли идоралар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, келиб тушаётган мурожаатларни ҳар бир ҳолат кесимида ўрганиш, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш, айниқса, тизимли тус олган камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бўлими бошлиғи, подполковник Жамшид Ишмуродовнинг қайд этишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда шаффофликни таъминлаш бўйича “намунавий ишлаш тизими” яратилган.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятида тегишли соҳавий хизматлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳудудларда суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотларини аҳолига етказиб бериш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда ушбу маҳсулотларга эҳтиёжи юқори бўлган Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан тезкор тадбирлар ҳамда суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлаш юзасидан рейдлар ўтказилмоқда.
Йил бошидан буён кўмир ва суюлтирилган газ баллонларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 12 та жиноят аниқланиб, айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.
Ушбу жиноий ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Андижонда 2 та, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида 1 тадан содир этилган бўлиб, улар қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ўтказилди.
Тадбир бошидан буён суюлтирилган газ билан боғлиқ 287 та ноқонуний ҳолат аниқланган бўлиб, шундан 284 таси бўйича маъмурий, 3 таси бўйича эса жиноий иш қўзғатилган.
Ушбу ҳуқуқбузарлардан жами 8 минг 727 та газ баллони олиб қўйилган.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатлар давомида аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилиши керак бўлган 90,4 тонна суюлтирилган газ ҳужжатлаштириб олинган.
Н.Абдураимова,
ЎзА