Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маданий тараққиёти: миллий ўзликни англаш ва стратегик ислоҳотлар уйғунлиги
Ҳар қандай давлатнинг янгиланиш йўлидаги қадамлари, аввало, жамият тафаккуридаги туб ўзгаришлар, одамларнинг ўз кучига бўлган ишончи ва эзгу интилишлари билан бевосита боғлиқдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтариб, давлат органлари фаолиятида фуқаролар манфаатларини устувор тамойил сифатида мустаҳкамлади. Бироқ ҳар қандай ҳуқуқий ва иқтисодий ютуқлар халқнинг маънавий камолоти, ўзликни англаш туйғуси ҳамда юксак маданий савияси билан уйғунлашмаса, мустаҳкам пойдеворга эга бўла олмайди. Айнан шу муҳим эҳтиёж – миллий сиёсатнинг маънавий-маърифий жабҳадаги бош тамойилларини илмий асосда, давлат суверенитети ва халқ фаровонлиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш зарурати сиёсатшунос олим, профессор Алишер Мўминовнинг янги монографияси дунёга келишига бош омил бўлди. Мазкур тадқиқот маънавий ҳаётни шунчаки мавҳум тушунчалар воситасида эмас, балки мамлакат тараққиётининг ҳаётбахш кучи, ижтимоий осойишталик ва барқарорликнинг мустаҳкам таянчи сифатида кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этади.
Тадқиқотнинг асосий жиҳати шундаки, унда инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш ғояси барча давлат дастурларининг бош ўзаги эканлиги очиб берилган. Муаллиф мустақил давлатчилик шароитида маданий соҳадаги миллий сиёсатни халқнинг ижодий қувватини уйғотувчи, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини кенг очиб берувчи стратегик йўналиш сифатида талқин қилади. Илк боблардан бошлабоқ олим миллий ва умуминсоний қадриятлар ўртасидаги уйғунликни теран фалсафий таҳлил этиб, уларни бир-бирига зид қўйиш эмас, аксинча, бир-бирини бойитувчи қудратли манба эканини ҳаётий мисоллар воситасида исботлаб беради. Муаллиф илгари сурган қарашга кўра, жаҳон цивилизациясига дадил интеграциялашув асло аждодлардан қолган қутлуғ анъаналардан узоқлашишни англатмайди. Жамият ўз илдизлари, она тили, бой тарихи ва одоб-ахлоқ мезонларини асраб-авайлаган ҳолдагина замонавий илм-фан ютуқлари ҳамда янги технологияларни ўзлаштиришда юксак самараларга эриша олади.
Илмий далилларнинг бойлиги ва манбаларнинг ишончлилиги жиҳатидан китоб ниҳоятда пухта ишланган. Изланиш жараёнида 200 дан ортиқ илмий асар, тарихий манба, мамлакатимиз қонунчилик ҳужжатлари ҳамда нуфузли халқаро ижтимоий тадқиқот маълумотлари саралаб ўрганилган. 1990 йиллардан бошлаб то бугунги кунгача бўлган ислоҳотлар манзарасини қамраб олган қиёсий таҳлиллар ҳар бир хулосанинг ҳаққонийлигини намоён этади. Муаллиф кишилар онгини турли ёт ғоялардан ҳимоялаш ва мустаҳкам ички иммунитетни шакллантириш борасида қуйидаги фикрни билдиради: “Глобаллашув шароитида миллий маънавий қадриятларни йўқотиш хавфи туғилади, шу боис дунёга очиқлик билан миллий ўзликни сақлаш ўртасидаги мувозанатни топиш зарур. Танқидий фикрлашни ва асл маънавий қадриятларни уларнинг тақлидидан ажрата олиш қобилиятини ривожлантириш муҳимдир”. Китобда баён этилган бу каби мулоҳазалар ўқувчини воқеликка ҳушёр назар ташлашга, маънавий хазинамизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этади.
Тадқиқотнинг эътирофга сазовор яна бир муҳим жиҳати кўп миллатли юртимизда миллатлараро тотувлик ва ўзаро бирдамликни мустаҳкамлашнинг ҳаётий механизмлари ёритиб берилганидадир. Профессор Алишер Мўминов Ўзбекистон заминида асрлар мобайнида қарор топган бағрикенглик анъаналарини мамлакатимизнинг беқиёс маънавий бойлиги ва қудратли кучи сифатида талқин этади. Асарда алоҳида қайд этилишича, давлатнинг маданий сиёсати турли миллат вакилларининг тили, урф-одатлари ҳамда маданий марказларини қўллаб-қувватлаш билангина чекланиб қолмайди. У ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини эмин-эркин намоён этиши, сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Шу тариқа муаллиф миллий ғурурни умумфуқаролик масъулияти ва умумхалқ бирдамлиги билан мустаҳкам боғлайди.
Ушбу асар мавзуга ёндашувнинг яхлитлиги билан аввалги кўплаб илмий ишлардан ажралиб туради. Одатда, маънавият масалалари иқтисодий ва ижтимоий жараёнлардан айрича, соф назарий тушунча сифатида талқин этилар эди. Алишер Мўминов эса таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг замонавий билимларни эгаллашини рағбатлантириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш каби амалий йўналишларни маънавий тараққиётнинг пойдевори сифатида кўрсатади. Китобда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, хусусан, маҳалланинг халқпарварлик маскани, меҳр-оқибат ва тарбия ўчоғига айланиш жараёни аниқ ҳаётий мезонлар асосида баён қилинади. Миллий анъаналар билан замонавий бошқарувнинг бундай уйғунлашуви жамиятда янгича бунёдкорлик руҳини қарор топтираётгани таҳлил этилган.
Асарнинг жамият тафаккурига таъсири шундаки, у китобхонда шахсий тақдирини Ватан келажаги билан узвий боғлаш туйғусини уйғотади. Муаллиф таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон қиёфаси фақат янгиланаётган шаҳарлар ва замонавий бинолар кўлами билан эмас, энг аввало, юртдошларимиз қалбида кечаётган эзгу интилишлар, юксак ҳуқуқий онг ҳамда эркин ижодий муҳит орқали намоён бўлмоқда. Қадимий маданий меросимиз шунчаки музей экспонати эмас, балки бугунги ёшларимизни буюк мақсадлар сари ундовчи, уларга руҳий куч-қувват бағишловчи жонли маънавий манбадир. Алишер Мўминовнинг мазкур асари нафақат соҳа мутахассислари, балки юртимиз тақдирига дахлдор бўлган ҳар бир фуқаро учун янгиланишлар фалсафасини теран англашда, миллий ифтихор туйғуларини янада юксалтиришда қимматли маърифий қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ, ЎзА