Митти юракларга берилган иккинчи ҳаёт ва ўзбек шифокорларининг халқаро даражадаги маҳорати
Президент ташаббуслари – амалда
Уларга Ўзбекистонда бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга имкон йўқлигини, ягона чора чет элга бориш эканини айтишди. Боласининг дардига шифо истаб юрган ота-онанинг бу гапни эшитгандан кейинги ҳолатини тасаввур қила олмайсиз. Бу ёш оиланинг бошига тушадиган оғир синовларнинг бошланиши эди.
Синовнинг оғирлиги шундаки, бунда масала биргина катта маблағни топиш билан ҳал бўлмайди. Муаммо занжир ҳалқаларидай бир-бирига боғланиб кетади.
Энди ташвишли оила аввал йиллар давомида йиққан-терганини, миниб юрган машинасини сотади. Энг аламлиси, бу пайтда вақт кутиб турмайди. Боланинг аҳволи соат сайин оғирлашади, пул эса яна етмайди. Шунда қариндош-уруғ, қўни-қўшнига мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Одамлардан ёрдам сўраш, сарғайиб кутишнинг оғриғини фақат бошига иш тушгангина билади.
Энди ўша “халқа”нинг кейингисига ўтамиз. Оғир ётган, танасида дармони қолмаган болакайни узоқларга олиб боришнинг ўзи бир азоб. Самолётда, аэропортларда беморнинг инграб қийналиши онанинг бағрини тилади. Устига-устак бошқа фарзандларнинг уйда қаровсиз қолиши, оиланинг тўзиб кетиши масалани янада мураккаблаштиради.

Бошқа давлатга боргач, ўша ернинг тош-тарозисини ўрганиш ҳам осон юмуш эмас. Бегона шаҳар, бегона одамлар ва тушунарсиз тил. Шифокор боланинг аҳволи ҳақида муҳим гапни айтяпти. Уни фақат таржимон орқали, хавотир билан тушунишга мажбур бўлиш ҳам осон эмас.
Ҳар бир ҳужжат, визани узайтириш, ижара уй топиш ва ҳатто ярим коса иссиқ овқат ҳам катта харажатга айланади. Нотаниш қоидалар ва қонунлар ичида гангиб юриш одамнинг силласини қуритади.
Бу ҳикоя сурхондарёлик бемор болакайнинг отасига тегишли. Набижон ака билан пойтахтимиздаги Болалар миллий тиббиёт марказининг шинам ва ёруғ йўлагида суҳбатлашиб қолдик.
– Бу воқеага етти-саккиз йил бўлди, – дейди Набижон Олтибеков. – Ўшанда қўшним оғир дард билан курашаётган қизчасини олиб аввал Ҳиндистон кейин Туркияга бориб келганди. Ҳозир ўғлимнинг ширин бўлиб, дардни унутиб ухлаётганини кўриб ўша ҳаётий ҳикоя эсимга тушиб кетди. Фарзандимнинг ўзимизда шифо топганига шукр дейман. Бу ерда кўпчилик билан гаплашдим. Қўшни давлатлардан келганлар ҳам бор. Даволаш усуллари энг замонавий технологиялар асосида экани кўнгилга таскин беради. Нархи ҳам жуда қиммат эмас, шароитлари зўр. Боламнинг юрагига қайта ҳаёт бағишлаган инсонлардан мингдан-минг розиман.

Ўзбекистон тиббиёти, соҳада эришилаётган натижалар, пойтахтимиздаги мана шу Болалар миллий тиббиёт маркази ҳақида мақолани олис бир қишлоқдан шифо излаб келган бир отанинг ҳикояси билан бошлагим келди. Аслида, катта ислоҳотлар натижасини қандайдир рақамлар, мукаммал инфографикалардан кўра, мана шундай инсон тақдирига алоқадор воқеалар янада яққол намоён этади.
Бир боланинг ҳаётини асраш, дардига даво топиш каби эзгу курашлар ортида улкан билим, бой тажриба, энг сўнгги технологиялар ва инсоннинг чексиз масъулияти туради. Бугун Янги Ўзбекистон тиббиёти ана шундай эзгу ва жадаллашган янгиланишлар йўлидан бормоқда. Илгари хорижда бажарилган ва жуда катта маблағ, сарсончилик талаб қилган мураккаб тиббий амалиётларни энди ўз юртимизда амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Болалар миллий тиббиёт маркази ана шундай муассасалардан бири саналади. Бу мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги энг ноёб мегалойиҳалардан бири саналади. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган ушбу тиббиёт маскани Президентимиз ташаббуси билан, Жанубий Корея Республикасининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилган.

Бу тўлиқ Корея технологиялари асосида қурилган, жаҳон стандартларига жавоб берадиган тўртинчи даражали нуфузли шифохонадир. Тўртинчи даражали тиббиёт муассасаси энг мураккаб, ноёб ва оғир касалликлар аниқланадиган ҳамда юқори аниқликдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган шифо маскани демакдир.
Муассасага 2017 йилда тамал тоши қўйилиб, уч йил давомида замонавий меъёрлар асосида қурилди. 2020 йилнинг май ойида ўз фаолиятини тўлиқ бошлади. Марказда 280 ўринли, тўрт қаватли шинам даволаш корпуси ва кунига 250 нафарга яқин беморни қабул қилиш имкониятига эга замонавий поликлиника мавжуд.
– Бу болалар саломатлигини муҳофаза қилишга ихтисослаштирилган кўп тармоқли тиббиёт муассасаси саналади, – дейди Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёр Умаров. – Ўз йўналиши ва кўлами бўйича Марказий Осиёда ягона лойиҳа саналади. Муассасамиз давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан барпо қилинган. Марказ очилишида ҳам Президентимиз шахсан иштирок этиб, олдимизга бир қанча стратегик топшириқларни қўйган эдилар. Хусусан, Ўзбекистонда шу пайтгача бажарилмаган энг мураккаб ва ноёб амалиётларни чет элга чиқиб, мукаммал ўрганиш ва юртимизда жорий этиш вазифаси берилган эди. Бу айтишга осон, аммо ортида қанчадан-қанча меҳнат, харажат, музокаралар ва чуқур илм ётибди. Шунингдек, ушбу марказда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб, уларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига йўналтириш топшириғи ҳам олинган. Бу топшириқлар ижроси таъминланмоқда. Бугунги кунга қадар марказимизда илгари мамлакатимизда умуман амалга оширилмаган юздан ортиқ ноёб амалиёт турлари йўлга қўйилди ва улар минглаб бемор болаларимизда муваффақиятли ўтказилди.
Шифокорлар даволашнинг ярми аниқ ва вақтида қўйилган ташхисга боғлиқлигини таъкидлашади. Боланинг ички аъзоларидаги муаммони баъзан унинг ташқи кўриниши ёки кайфиятидан билиб бўлмайди. Лекин тана ичида яширин кечаётган хасталик қанчалик эрта аниқласа, уни батамом тузатиш имкони шунчалик юқори бўлади. Шу сабабли марказга келтирилган техникаларни оддий тилда “ақлли тиббиёт” дейиш мумкин.

Масалан, бу ердаги магнит-резонанс томография ва мультиспирал компьютер томографияси инсон аъзоларини, суяк ва қон томирларини ҳеч қандай оғриқсиз, нур ёрдамида қатлам-қатлам қилиб, рангли ва уч ўлчамли тасвирда кўрсатиб беради. Замонавий лабораториядаги ДНК анализатори ва молекуляр диагностика усуллари эса ҳатто онкологик ва генетик касалликларни беморда ҳеч қандай белги намоён бўлмасидан бир неча йил аввал, ҳужайра ва ген даражасида аниқлаш имконини беради. Бу дегани дард энди куч йиғаётгандаёқ унинг олди олинади.
Яна бир хайрли ва катта муваффақият бор. Бу вазни 10 килограммдан кам бўлган болаларда юрак амалиётини ўтказишдир. Тасаввур қилинг, 7-8 килограмм келадиган чақалоқнинг юраги кичик бир ўрикдай келади. Ундаги қон томирлар эса ипдай нозик бўлади. Илгари бундай митти юракларни операция қилиш учун юртимизда на шароит, на ускуна ва на имконият бор эди. Натижада ота-оналар гўдакни олиб олис юртларга боришга мажбур бўларди. Бугун эса марказда яратилган кардиохирургия бўйича мобиль тиббий ускуналар тўплами сабаб, шифокорларимиз нафақат Тошкент, балки юртимизнинг энг чекка ҳудудларига бориб, ўша ернинг ўзида мана шундай митти юракларга қайта ҳаёт бағишламоқда.
Бундан ташқари, ўтган қисқа давр ичида марказда илк бор болаларда суяк кўмиги ва жигар трансплантацияси, яъни хасталанган аъзони янгисига алмаштириш, шунингдек, лапароскопик усулда буйрак кўчириб ўтказиш каби 100 дан ортиқ ноёб амалиётлар ўтказилди.

Марказ халқаро даражадаги JCI (Joint Commission International) аккредитациясидан ўтган мамлакатимиздаги биринчи давлат тиббиёт муассасаси саналади. Хўш, халқаро тажрибада JCI нима дегани? Бу бутун дунё тиббиётида тан олинган “олтин стандарт”дир. Агар шифохона ушбу сертификатни олса, бу ердаги тозалик, бемор хавфсизлиги, дори-дармонларнинг сифати ва шифокорларнинг маҳорати Америка ёки Европанинг энг пешқадам клиникалари билан бир хил даражада эканини англатади. Демак, энди чет элликлар ҳам, қўшни давлатлар фуқаролари ҳам иккиланмай Тошкентга шифо истаб кела олишади.
Бу ерга ҳар куни турли вилоятлар, олис қишлоқлар ва қўшни юртлардан ота-оналар бир хил умид билан келади. Муассасада йилига минглаб мураккаб ва ноёб амалиётларни бажариш имконияти яратилган. Бу умид ва ниятлар ортида юзлаб шифокорлар, ҳамширалар, тиббиёт ходимларининг кечаю кундуз қилган фидокорона меҳнати туради.
Бу пулга чақилганда ҳам, маънавий томондан қараганда ҳам давлатимиз ва халқимиз учун жуда катта манфаатдир. Минглаб оилалар хорижда сарсон бўлиши, мол-мулкини сотиб, қарзга ботишининг олди олинмоқда.
Бир пайтлар давосиздек туюлган ёки фақат олис ўлкалардан малҳам топса бўладиган оғир хасталиклар бугун ўз уйимизда, ўз тиббиётимиз кучи билан тузатилмоқда. Ислоҳотларнинг инсонлар ҳаётида, оилалар табассумида акс этаётгани мана шундай шукуҳли бўлади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси