Ёшлар хабардорлиги – ишончли ҳимоя
ОИВ инфекциясига қарши курашда энг самарали воситалардан бири – хабардорлик. Инсон хавфни, унинг юқиш йўлларини ва ҳимоя чораларини қанчалик яхши билса, ўз саломатлигига шунчалик масъулият билан ёндашади.
Жиззах политехника институтида Жиззах вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари иштирокида ўтказилган профилактик тадбирда ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Унда ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари ва тьюторлар иштирок этиб, талаба-ёшлар ўртасида профилактика ишларини кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқотда ОИВ инфекциясининг ёшлар орасида тарқалиш ҳолатлари таҳлил қилиниб, аниқланган ҳолатларнинг 65,5 фоизи 18-39 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди. Бу рақам профилактик тушунтириш ишларини айнан ёшлар муҳитида изчил давом эттириш зарурлигини кўрсатади.
Мутахассислар ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари ва ундан сақланиш чораларини тушунтирди. Хусусан, инфекция қон орқали, ҳимояланмаган жинсий алоқа жараёнида ҳамда онадан болага юқиши мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ОИВ қўл бериш, қучоқлашиш, бирга овқатланиш ёки оддий кундалик мулоқот орқали юқмаслиги ҳақидаги тушунча ҳам алоҳида урғуланди.

Зеро, ОИВ ҳақидаги нотўғри қарашлар баъзан касалликнинг ўзидан кўра оғирроқ ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис профилактика фақат тиббий билим бериш эмас, балки инсонга инсон сифатида муносабатда бўлиш маданиятини ҳам шакллантиришдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги ПҚ-14-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 84-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида профилактик ишларни кучайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Иштирокчиларга хавфсиз ҳаёт тарзига амал қилиш, тиббий муолажаларда стерил воситалардан фойдаланиш ва ОИВ бўйича тестдан ўз вақтида ўтишнинг аҳамияти тушунтирилди. Бу каби учрашувлар билимни янгилаш билан чекланмай, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлиги ва атрофдагилар тақдирига масъулиятини янада оширади.
Энг муҳими, ОИВ профилактикаси бир марталик тадбир билан чекланадиган вазифа эмас. У мунтазам тушунтириш, тўғри ахборот ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашни талаб этади. Жиззах политехника институтидаги бу мулоқот ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири