Янги глоссарий ишлаб чиқилмоқда
Ижтимоий ҳимоя тизимида ягона тил пайдо бўлади. Агентлик, ЮНИСЕФ ва экспертлар ижтимоий иш терминларининг халқаро стандартларга мос глоссарийини яратиш устида ишламоқда. Бу эса соҳага аниқлик олиб киради.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Агентлик масъуллари, ЮНИСЕФ ва халқаро эксперт иштирокида ижтимоий иш терминлари бўйича глоссарий ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ижтимоий иш соҳасида қўлланиладиган атамаларни ягона ёндашув асосида шакллантириш, уларни амалиётда бир хил тушуниш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган терминлар рўйхати ўрганилиб, қўшимча равишда 36 та термин таклиф этилди. Шунингдек, муқобил парваришга оид атамаларни ҳам глоссарийга киритиш ва уларни умумлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, ягона глоссарийнинг шакллантирилиши ижтимоий хизматлар кўрсатишда турли ташкилотлар ўртасида ягона ёндашувни таъминлаш, мутахассислар фаолиятида тушунмовчиликларни бартараф этиш ҳамда миллий амалиётни халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида глоссарий устидаги ҳамкорликни онлайн форматда давом эттиришга келишиб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА