Янги маҳалла боғи барпо этилди
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Гулистон туманидаги Мустақиллик маҳалласида янги яшил маскан барпо этилди. Бир гектар майдонда ташкил этилган боғ ҳудудига 1 минг 500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, маҳалланинг яшил ҳудуди кенгайтирилди.
Эътиборлиси, бу сафарги ташаббус кўчат экиш билан чекланиб қолмади. Дастлаб маҳалла еттилиги вакиллари учун амалий семинар ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик тажрибага эга агроном-деҳқон Ҳакимжон ота Исмоилов ер майдонини кўчат экишга тайёрлаш, ниҳолларни тўғри ўтқазиш, дастлабки парвариш ва кейинги агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.


Амалий семинардан сўнг маҳалла еттилиги вакиллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирокида ажратилган майдонга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бу эса ташаббуснинг нафақат кўламига, балки уни сифатли амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, Гулистон туманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Жорий йилнинг баҳор мавсумида ҳудудда 679 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлса, куз мавсумида яна 1 миллион 170 минг туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Айни пайтда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.

Зеро, кўчат экиш — хайрли ишнинг бошланиши, уни асраб-авайлаш эса ҳақиқий масъулиятдир. Янги барпо этилган маҳалла боғининг яшнаб, соя-салқин масканга айланиши ва келгуси авлодларга яшил мерос бўлиб қолиши уни мунтазам парваришлашга боғлиқ.

— Қувонарлиси, бундай эзгу ишлар нафақат Мустақиллик маҳалласида, балки туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом эттирилади. Ариқлар, йўл бўйлари ва хиёбонларга манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилиб, аҳолимиз «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссасини қўшади, — дейди туман Маҳаллалар уюшмаси раиси Шуҳрат Хушмуродов. Чунки яшил келажак бугун экилган ниҳоллардан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири