Хотин-қизлар учун бепул тиббий кўрик
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва ҳар бир инсон учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, айниқса, хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада профилактик тиббий кўрикларни кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг асоратларини бартараф этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Саломатлик сари” акцияси ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Ушбу ташаббус аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан бирга, тиббий маданиятни юксалтириш, профилактика ишларини кучайтириш ва малакали мутахассислар хизматидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Акция доирасида O‘zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамда “Doktor Nigin” хусусий клиникаси ҳамкорлигида шаҳарда истиқомат қилувчи хотин-қизлар учун кенг қамровли бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Унда “Баҳовуддин Нақшбанд” ва “Шайхул-олам” маҳаллалари, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда яшовчи 50 нафардан зиёд хотин-қиз малакали шифокорлар кўригидан ўтди.
Тиббий кўрик давомида клиниканинг гинеколог, репродуктолог ва маммолог мутахассислари томонидан аёлларнинг саломатлик ҳолати баҳоланиб, мавжуд муаммоларни эрта аниқлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Текширувларнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида ўтказилгани эса иштирокчилар учун янада кенг имконият яратди.

— O‘zLiDeP фаоллари томонидан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар саломатлигига қаратилган бундай хайрли ташаббуслар амалга оширилаётганидан жуда мамнунман. Биз каби фуқаролар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, малакали шифокорлар маслаҳати ва замонавий тиббий текширувлардан ўтиш имконияти яратилаётгани катта ғамхўрликдир. Тадбир ташкилотчиларига, хусусан, O‘zLiDeP фаоллари ва “Doktor Nigin” клиникаси жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди тиббий кўрик иштирокчиси Олима Турдиева.
Эътиборлиси, бундай акциялар тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, профилактик кўрикларга қамровни ошириш ва хотин-қизларни ўз саломатлигига янада масъулият билан ёндашишга ундаши билан ҳам муҳимдир. Зеро, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш, муаммони дастлабки босқичда аниқлаш инсон саломатлиги ва ҳаёт сифати учун беқиёс аҳамиятга эга.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни асраш, хотин-қизлар ўртасида касалликларнинг олдини олиш ҳамда хусусий тиббиёт салоҳиятидан самарали фойдаланиш O‘zLiDeP фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Бундай хайрли ташаббусларнинг изчил давом эттирилиши эса инсон манфаатлари устувор бўлган ислоҳотларнинг маҳаллалар ҳаётидаги амалий ифодаси бўлиб, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири