Ис гази хавфи ортмоқда ва мутахассис хонадонларни иситишдаги муҳим қоидаларни эслатди
Куз-қиш мавсумида табиий газ истеъмоли ортиши билан бирга, хонадонларда газ жиҳозларидан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳам кучаяди.
Мамлакатимизда ис газидан заҳарланиш оқибатида юз бераётган фожиали ҳолатлар газ жиҳозларининг техник ҳолатига эътибор қаратиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан айни кунларда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли хонадонларида газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича профилактик ва тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, газ хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда фуқаролар эътибор қаратиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Меҳнатни муҳофаза қилиш, экологик ва саноат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Абдусаттор Қаюмов билан суҳбатлашдик.
– Совуқ кунлар бошланиши билан ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиши газ хавфсизлигини таъминлаш масаласи қанчалик долзарблигини кўрсатмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, техник талабларга жавоб бермайдиган газ ускуналарини аниқлаш ва улардан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Дарҳақиқат, ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ фожиали ҳолатлар ҳам қайд этилаётгани аянчли. Бундай ҳодисаларда техник талабларга жавоб бермайдиган, ўзбошимчалик билан қайта жиҳозланган иситиш қозонларидан фойдаланилгани асосий хавф омилларидан бири бўлмоқда. Жумладан, айрим ускуналарнинг тутун чиқариш тизимида юқори ҳароратга чидамли бўлмаган полиэтилен қувурлар ўрнатилгани аниқланган.
Бундай ҳолатлар юзасидан ҳудудларда профилактик тадбирлар кучайтирилди. Мутахассисларимиз аҳоли хонадонларидаги газ жиҳозларининг техник ҳолати, мўри ва шамоллатиш тизимларининг созлигини ўрганмоқда. Фуқароларга газ ускуналарини харид қилишда уларнинг сертификати ва техник талабларга мувофиқлигини текшириш, ўрнатиш ва таъмирлаш ишларини фақат малакали мутахассисларга топшириш зарурлиги тушунтирилмоқда.

– Ҳудудларда аҳоли билан ўтказилаётган учрашувлар ва тушунтириш ишларида фуқароларга асосан қандай тавсиялар бериляпти?
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Мутахассислар аҳоли хонадонларига бориб, фуқаролар билан бевосита мулоқот ўтказмоқда, газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқномалар тарқатмоқда.
Тушунтириш ишларида, аввало, газ плитаси, иситиш қозони ва газ колонкаларидан тўғри фойдаланиш, мўри ҳамда шамоллатиш каналларининг созлигини таъминлаш, газ сизиб чиқиши ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, газ жиҳозларини ўзбошимчалик билан таъмирламаслик, уларнинг конструкциясига ўзгартириш киритмаслик ва носоз ускуналардан фойдаланмаслик зарурлиги уқдирилмоқда. Асосий мақсадимиз ҳар бир хонадонда газ хавфсизлиги маданиятини шакллантириш ва фуқароларнинг бу борадаги масъулиятини оширишдир.
– Ис гази қандай шароитларда ҳосил бўлади ва унинг инсон саломатлиги учун хавфи нимада? Хонадонларда бундай хавфнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Ис гази табиий газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. У рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлгани сабабли инсон уни сезги органлари орқали аниқлай олмайди.
Бундай ҳолат, асосан, ёниш жараёни учун ҳаво етишмаганда, мўрининг тортиши ёмонлашганда ёки вентиляция каналлари беркитиб қўйилганда юзага келади. Ис гази нафас йўллари орқали организмга кириб, қонда кислород ташилишини бузади. Натижада бош оғриғи, бош айланиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва нафас қисиши каби аломатлар пайдо бўлади. Оғир заҳарланиш эса ҳушни йўқотиш ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Шу боис хонадонларда мўри ва шамоллатиш каналларини доимо соз ҳолатда сақлаш, уларни тўсиб қўймаслик, газ жиҳозларини мунтазам техник кўрикдан ўтказиш муҳим. Айниқса, иситиш мавсуми бошланишидан олдин мўри ва вентиляция тизимларини мутахассисларга текширтириш зарур. Шунингдек, хонадонларга ис газини аниқловчи махсус сигнализаторлар ўрнатишни тавсия этамиз.
– Айрим истеъмолчилар газ плиталаридан хонани иситиш мақсадида фойдаланади ёки газ ускуналарини ўзбошимчалик билан таъмирлайди. Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш тартиби қандай?
– Газ плитаси фақат овқат тайёрлаш учун мўлжалланган бўлиб, ундан хонани иситиш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас. Чунки бундай ҳолатда ёниш жараёни учун зарур кислород миқдори камайиши ва ис гази ҳосил бўлиши мумкин.
Газ қувурларини ўзбошимчалик билан узайтириш, жиҳозларни бошқа жойга кўчириш, уларнинг ички тузилишига аралашиш ёки хавфсизлик автоматикасини ўчириб қўйиш ҳам жиддий хавф туғдиради. Бу газ сизиб чиқиши, ёнғин, портлаш ва заҳарланишга сабаб бўлади.
Амалдаги қонунчиликда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ, кўп квартирали ва турар жой биноларидаги газ плиталари икки йилда бир марта, бошқа газдан фойдаланиш ускуналари эса истеъмолчи буюртмаси асосида йилига бир марта техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Бу ишлар тегишли рухсатномага эга ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Шу боис фуқароларимиздан газ жиҳозларини фақат малакали мутахассисларга ўрнатиш ва таъмирлатишни, уларнинг техник ҳолатига бефарқ бўлмасликни сўраймиз.
– Газ ҳиди сезилганда ёки ис газидан заҳарланиш аломатлари кузатилганда фуқаролар биринчи навбатда қандай ҳаракат қилиши керак?
– Агар хонадонда газ ҳиди сезилса, энг аввало, очиқ оловдан фойдаланмаслик, чироқ ва бошқа электр жиҳозларини ёқмаслик ёки ўчирмаслик керак. Агар хавфсиз бўлса, газ кранини ёпиш, эшик ва деразаларни очиб хонани шамоллатиш, барча одамларни бинодан олиб чиқиш лозим. Хавфсиз ҳудудга чиққандан кейин 104 рақами орқали газ авария-диспетчерлик хизматига хабар бериш зарур.
Агар ис газидан заҳарланиш аломатлари сезилса, жабрланганларни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш ва 103 ёки 112 рақами орқали тиббий ёрдам чақириш керак. Бундай вазиятда вақтни бой бермаслик жуда муҳим.
Фуқароларимизга яна бир бор эслатмоқчиманки, газ жиҳозларини ишлаётган вақтда назоратсиз қолдирманг. Улардан фойдаланиб бўлгач газ кранини ёпиш, хонада ҳаво алмашинувини таъминлаш, мўри ва вентиляция каналларини беркитмаслик, газ плитасидан хонани иситиш учун фойдаланмаслик, иситиш ускуналарини ўзбошимчалик билан ўрнатмаслик ва таъмирламаслик ҳаётий муҳим қоидадир. Энг асосийси, газ хавфсизлиги фақат масъул ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ҳамдир. Бир лаҳзалик эътиборсизлик инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.