Имкониятлар юртдошларимизнинг ўз кучига бўлган ишончларини янада оширмоқда
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, ижтимоий хизматлар энди фақат ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, инсоннинг имкониятларини рўёбга чиқариш, уни мустақил ҳаётга қайтариш ва бандлигини таъминлашга ҳам йўналтирилмоқда.
Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги “Имом Бухорий” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳам бунинг амалий ифодасидир. Маҳаллада 3 минг 941 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 68 нафари ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланади. Маҳалла ижтимоий ходими Гулшод Элова томонидан ушбу фуқароларнинг эҳтиёж ва имкониятларини ўрганиш, мавжуд муаммоларини ҳал этиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун зарур кўмак кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай эътибор ва индивидуал ёндашув туфайли ҳаётида янги саҳифа очган фуқаролардан бири — II гуруҳ ногиронлиги бўлган Озода Алдашова. У бир неча йил аввал оғир хасталикни бошдан кечириб, мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган. Бу синовлар унинг ҳаётида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлди. Бироқ Озода ҳаёт қийинчиликлари олдида таслим бўлишни истамади. Яна меҳнат қилиш, ўз қобилиятини намоён этиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш истаги уни янги имкониятлар сари ундади. Шу мақсадда маҳалла ижтимоий ходими Гулшод Эловага мурожаат қилди.
Дастлаб Озоданинг қизиқишлари, қобилияти ва мавжуд имкониятлари ўрганилди. Унинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, индивидуал ёндашув асосида ижтимоий хизматлар ташкил этилди. Жисмоний фаоллигини ошириш ва мулоқот доирасини кенгайтириш мақсадида адаптив спорт машғулотларига жалб қилинди, шaxмат тўгарагига йўналтирилди. Шунингдек, замонавий касбларни эгаллаши ва рақамли кўникмаларини ривожлантириши учун компьютер графикаси йўналишида таҳсил олишига кўмаклашилди.
Бу билан чекланилмади. Озоданинг мустақил даромад топиши, меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаши ва жамиятга интеграциялашуви учун зарур ҳуқуқий хизматлар ҳам кўрсатилди. Натижада унинг бандлигини таъминлашга эришилди. Бугун Озода Алдашова “Имом Бухорий” маҳалласида банк агенти сифатида фаолият юритмоқда.
Эътиборлиси, у асосий иш фаолияти билан бир қаторда ижодий қобилиятини ҳам ривожлантириб келмоқда. Бўш вақтларида буюртма ва харидорларнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, турли тақинчоқлар ҳамда безак буюмлари тайёрлайди. Бу машғулот нафақат унинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, балки қўшимча даромад олиш имкониятини ҳам кенгайтирмоқда.

Озоданинг бугунги ҳаётига назар ташлар экансиз, ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самараси инсонга фақат моддий ёрдам беришда эмас, балки унинг ички салоҳиятини кашф этиш, ўз кучига ишончини мустаҳкамлаш ва мустақил ҳаёт кечиришига шароит яратишда намоён бўлишини англайсиз.
Зеро, ҳар бир инсоннинг орзу-интилишлари, қобилияти ва ҳаётда ўз ўрнини топишга бўлган ҳуқуқи бор. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, меҳнат қилиши ва жамият ҳаётида тенг иштирок этиши учун имконият яратиш эса ижтимоий сиёсатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Озода Алдашованинг ҳаёт йўли ана шу имкониятлар инсон тақдирида қандай ижобий ўзгаришлар ясаши мумкинлигини кўрсатади. Энг муҳими, у бугун ёрдамга муҳтож инсон сифатидагина эмас, балки ўз меҳнати, интилиши ва қобилияти билан жамият ҳаётига ҳисса қўшаётган фаол фуқаро сифатида намоён бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири