Бахмалда аҳолига хавфсизлик қоидалари тушунтирилмоқда
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги маҳаллаларда куз-қиш мавсумида ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Унда кўп қаватли уйлар ва ҳовли жойларда яшовчиларга иситиш ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари тушунтирилмоқда.
Жумладан, Ўсмат шаҳарчасидаги Дўстлик маҳалласида аҳоли билан манзилли тушунтириш ишлари олиб борилди. Фуқароларга иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш ва уларни соз ҳолатда сақлаш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, электр тармоқларидан фойдаланишда эҳтиёт чораларига амал қилиш зарурлиги таъкидланди. Ис газидан заҳарланиш хавфи ва ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш чоралари тушунтирилди. Фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш тартиби ҳам эслатилди.

Бундай профилактик ишлар аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, мавсумни хавфсиз ўтказишга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири