Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Озарбайжон
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Музокарада икки давлат иттифоқчилик муносабатини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш 30 фоиз ошгани қайд этилди. Энергетика, транспорт, логистика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон – Бельгия
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Бельгия Қироли Филипп ва Қиролича Матильда ректорлар форумида иштирок этди. Тадбирда икки давлат университетлари ректорлари сунъий интеллектнинг таълим ва илмий тадқиқотга таъсири, шунингдек таълим, илм-фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Форум якунида икки давлат университетлари ўртасида қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.

Украина – Буюк Британия
Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Қироли Чарльз III билан Букингем саройида учрашди. Мулоқот давомида Украина раҳбари мамлакатга кўрсатилаётган қатъий қўллаб-қувватлов учун қиролга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Буюк Британия томонидан кўрсатилаётган ёрдам юқори баҳоланиши, келгусидаги қўллаб-қувватлов ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Тожикистон – Озарбайжон
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Музокарада икки давлат дўстлиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Раҳмон ташриф давомида кўрсатилган таклиф ва самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Эстония – Финляндия
Эстония Президенти Юлле Мадисе Финляндия пойтахти Хельсинкига ишчи ташриф билан бориб, мамлакат Президенти Александр Стубб билан учрашади. Суҳбат чоғида икки давлат иттифоқчилик муносабати, минтақавий хавфсизлик, НАТО доирасидаги ҳамкорлик, Украинага кўмаклашиш ва муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш мавзуларига эътибор қаратилади.

Испания – Европа Иттифоқи
Испания таркибидаги мухтор ҳудуд – Баск ўлкаси раҳбари Иманол Прадалес Европа Комиссияси ижроия вице-президенти Раффаэле Фитто билан учрашди. Испания шимолида жойлашган Баск ўлкаси ўз ҳукумати ва кенг ваколатга эга мухтор ҳудуд ҳисобланади. Музокарада минтақани ривожлантириш, ислоҳот қилиш ва ҳудудлар аро шериклик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА