Трамп Калифорния губернатори қарорига эътироз билдирди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Калифорния штати губернатори Гэвин Ньюсомнинг 500 дан ортиқ маҳкумга нисбатан чиқарилган ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қарорига қарши чиқиш ниятини маълум қилди.
Адлия вазирлигида прокурорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда қотиллик қурбонларининг яқинлари билан ўтказилган учрашувда Америка етакчиси федерал даражада ўлим жазосини қўллаш кўламини кенгайтириш бўйича топшириқ берганини билдирди.
Трамп нутқи давомида губернаторни қотиллар тарафини олишда айблаб, унинг қарорини бекор қилиш учун охиригача курашишга ваъда берди. Шунингдек, мазкур ташаббусни муваффақиятсиз сиёсий қадам деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, ой бошида Ньюсом 500 дан зиёд маҳкумга нисбатан ўлим жазосини шартли равишда муддатидан олдин озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига алмаштирган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА