Яманда гуманитар инқироз оғирлашмоқда
Яманда ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар кескинлашиб, мамлакатда гуманитар вазият янада оғирлашмоқда.
Таъкидланишича, август ойи бошидан буён ўлкада қарийб 313 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Тўқнашувларда 69 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 212 нафари жароҳатланган. Жабрланганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғини болалар ташкил этади.
Жанглар айниқса, мамлакат жануби-ғарбидаги Таиз вилоятида авж олган. БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) маълумотларига кўра, мажбурий кўчиш ҳолатларининг қарийб 40 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.
Ўлкада озиқ-овқат танқислиги ҳам жиддий муаммога айланган. БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг маълум қилишича, 18,3 миллион киши озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келмоқда. Беш ёшгача бўлган 2,2 миллион бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Уларнинг қарийб 500 минг нафарида ушбу ҳолатнинг оғир шакли кузатилмоқда.
Тўқнашувлар соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Таиз вилоятида 98 та тиббиёт муассасаси қисман фаолият юритмоқда ёки бутунлай ишламайди. Лаҳж вилоятида эса 85 та мактаб ёпилган.
Шу билан бирга, ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида 11 вилоятда қарийб бир миллион болани қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш кампанияси йўлга қўйилган.
БМТнинг 2026 йилга оид ҳисоб-китобларига кўра, Яманда 21 миллиондан ортиқ киши гуманитар ёрдамга муҳтож. Халқаро ташкилотлар можарода иштирок этаётган томонларни тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилмасликка чақирмоқда.
А.Маматов, ЎзА