Мисрда поездлар тўқнашуви оқибатида етти киши ҳалок бўлди
Мисрнинг Гиза вилоятида 8 ноябрь куни содир бўлган поездлар тўқнашуви оқибатида етти киши ҳалок бўлди, 112 нафар киши жароҳатланди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз - “Синьхуа” хабар бермоқда.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотига кўра, жабрланганларнинг 45 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйларига жавоб берилган. Яна етти нафар беморнинг яқин кунларда уйига қайтиши кутилмоқда. Қолганлар шифокорлар назорати остида.
Ҳодиса жойига 72 та тез тиббий ёрдам машинаси жалб этилиб, жароҳатланганлар Гиза ва қўшни Бени-Суэйф вилоятларидаги шифохоналарга етказилган.
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, фожиа сабабларини аниқлаш ва масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш бўйича топшириқ берди.
Ўлканинг темир йўл тизимида аввал ҳам йирик ҳалокатлар қайд этилган. Жумладан, 2002 йилда Қоҳира–Луксор йўналишидаги поездда юз берган ёнғин оқибатида 380 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА