“Шинжоннинг Лабубуси”: митти қўзичоқлар қандай қилиб машҳурликка эришди?
Баъзан биргина ноодатий ғоя оддий буюмни оммалаштириб, уни ўзига хос брендга айлантириши мумкин. Хитойнинг Урумчи шаҳрида 19 ёшли йигит томонидан тайёрланаётган безакдор қўзичоқлар бунинг қизиқарли намунасидир. Интернет фойдаланувчилари уларни “Шинжоннинг Лабубуси” деб атай бошлади.
Абдулла Эмиржирани кўпчилик Сяояньгэ номи билан танийди. У оддий юмшоқ қўзичоқларга миллий либос ва безаклар орқали янги қиёфа бағишлайди. Уйғур адрасидан тикилган кўйлак, ранг-баранг қалпоқ, ялтироқ тошлар ва занжирлар билан безатилган митти ўйинчоқлар харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ёш тадбиркорнинг ўзига хос ёндашуви шундаки, у харидорга тайёр маҳсулотни таклиф қилиш билан чекланмайди. Ҳар ким қўзичоқнинг либоси, бош кийими ва безакларини ўз дидига қараб танлайди. Сўнг Абдулла шу танлов асосида ўйинчоққа харидорнинг кўз ўнгида янги қиёфа беради. Шу тариқа ҳар бир қўзичоқ ўз эгасининг диди ва хоҳишини акс эттирувчи ўзига хос сувенирга айланади.

Бу усул, айниқса, ёшлар орасида оммалашди. Чунки улар учун бундай харид шунчаки сувенир сотиб олиш эмас, балки унинг яратилишида иштирок этиш имконияти ҳамдир.
Сяояньгэнинг ўзи ҳам бу ишга катта меҳр билан ёндашади. Харидорлар кўпайган пайтларда тонгги соат тўртгача меҳнат қилишга тўғри келади. “Чарчадим, лекин бахтлиман”, дейди у.
Қўзичоқларга бўлган қизиқиш ёш тадбиркорга янги имкониятлар ҳам очди. Урумчининг Халқаро катта бозорида фаолият юритаётган Абдулланинг дўкончасига сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли ташриф буюрмоқда. Унинг ташаббуси атрофида бошқа савдогарлар ва кўнгиллилар ҳам бирлашиб, зарур пайтда ёрдам кўрсатмоқда.
Энди ёш тадбиркор янги ғоялар устида ишламоқда. Яқинлашаётган “Қўй йили” муносабати билан қўзичоқларни Тан сулоласи даврига хос анъанавий либосларда безаш, уларга байрамона тилаклар ёзилган тасмалар қўшишни режалаштирган. Келгусида эса ҳуэй ва Марказий Осиё халқларига хос нақшлардан ҳам фойдаланмоқчи.

“Ҳар бир қўзичоқда Шинжонга хос алоҳида бир жиҳат мужассам бўлишини истайман”, дейди у.
Хўш, оддий юмшоқ ўйинчоқнинг бунчалик оммалашиши сири нимада? Бу, аввало, миллийлик ва замонавийликнинг ўзига хос уйғунлиги билан боғлиқ. Анъанавий мато, миллий бош кийим ва безаклар янги шаклда намоён бўлиб, ёшлар учун қизиқарли маҳсулотга айланмоқда. Бунда харидорнинг ҳам ўз диди ва танлови билан иштирок этиши алоҳида аҳамият касб этади.
Сяояньгэнинг кичик ташаббуси миллий маданий меросни замонавий маҳсулот орқали кенгроқ танитиш, тадбиркорликда эса янгича ёндашув ва ижодкорлик муҳимлигини кўрсатади. Унинг безакдор қўзичоқлари эса энди оддий юмшоқ ўйинчоқ эмас, балки Урумчидан олиб кетиладиган ўзига хос хотирага айланмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА