АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон TRIPP лойиҳаси бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон "TRIPP" ташаббусини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида уч томонлама техник режалаштириш гуруҳларини ташкил этди.
Мазкур формат доирасида уч мамлакатнинг ваколатли идоралари вакиллари ҳамда соҳавий экспертлар Жанубий Кавказ минтақасида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни кўриб чиқади.
Асосий эътибор транспорт инфратузилмасини барпо этиш, электр узатиш тармоқларини ривожлантириш ҳамда янги йўлакни минтақадаги мавжуд логистика ва энергетика тизимлари билан интеграция қилиш масалаларига қаратилади.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланишича, техник режалаштириш гуруҳларининг ташкил этилиши лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ мураккаб масалаларни ҳал этиш ва навбатдаги босқичга ўтиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Шунингдек, TRIPP йўлагини минтақадаги бошқа транспорт ва инфратузилма тармоқлари билан боғлаш имкониятлари ҳам ўрганилади.
Аввалроқ, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мазкур ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши минтақада транспорт алоқаларини тўлиқ йўлга қўйиш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишини таъкидлаган эди.
Бундан ташқари, Арманистон ва АҚШ TRIPP лойиҳасини амалга ошириш доирасида қўшма компания ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, уч томонлама техник гуруҳлар фаолияти АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Брендан Ҳанрахан, Арманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ваҳан Костанян ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Элнур Мамедов иштирокида йўлга қўйилган.
TRIPP ташаббуси 2025 йил 8 августда Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп воситачилигида бўлиб ўтган тинчлик саммитида эришилган келишувлар билан боғлиқ. Лойиҳа Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжоннинг асосий қисми ва Нахичеван ўртасида транспорт алоқасини таъминлашни назарда тутади.
Унинг доирасида автомобиль ва темир йўллар, электр узатиш линиялари, шунингдек, бошқа коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
А.Маматов, ЎзА