Яккасаройда "Байроқ челленжи" ўтказилди
Ўзбекистон Давлат байроғининг қабул қилинганига 35 йил тўлиши муносабати билан юрт бўйлаб байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Улардан бири – Яккасаройда ташкил этилган ватанпарварлик руҳидаги “Байроқ челленжи” бўлди.
Мамлакатнинг рамзлари унинг бой тарихи, қадриятлари ва сиёсий ифодасини акс эттиради. Хусусан, Ватан байроғи ҳам ана шундай муқаддас рамзлардан. Мустақил Ўзбекистонимизнинг байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлгани муносабати билан юртимиз бўйлаб байрам шодиёнаси шукуҳи кезиб юрибди.
Ана шундай тадбирларнинг намунаси ўлароқ, Яккасаройда ҳам ватанпарварлик руҳи, миллий ғурур ва ифтихор бир майдонда мужассам бўлди.18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан туман ҳокимлиги ташаббуси билан ўзгача руҳдаги “Байроқ челленжи” ташкил этилди.

Байрам дастури “NEXT MALL” савдо марказининг марказий холлида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий оркестри жонли ижроси ҳам алоҳида ажралиб турди. Ватанпарварлик руҳидаги куйлар юртдошларимизга кўтаринки кайфият, унутилмас таассурот ва чексиз ифтихор туйғуларини улашди.
Оркестр садолари остида ҳилпираган муқаддас байроғимиз қалбларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва бирдамлик туйғуларини янада жўш урдирган бўлса, не ажаб.
Шербек Исломов,
ЎзА