Сайловчи манфаати — кун тартибида: маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятида янги имкониятлар
Ҳар бир ҳудуднинг ободлиги, одамларнинг кундалик ҳаётидаги қулайликлар ва маҳаллий даражадаги масалаларнинг ўз вақтида ечим топиши халқ сайлаган вакилларнинг фаоллигига бевосита боғлиқ.
Сўнгги йилларда мамлакатда маҳаллий вакиллик органларини том маънода халқ овозини ифода этувчи таъсирчан тузилмага айлантириш йўлида изчил қадамлар ташланмоқда. Давлат раҳбарининг 2026 йил 16 ноябрда имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–247-сон Фармони ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2030 йилга қадар мўлжалланган концепцияда белгиланган устувор вазифаларни амалий механизмлар билан мустаҳкамлади.
Мазкур ҳужжат маҳаллий Кенгашлар фаолиятида учта муҳим йўналишни – ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот бериш тизимини такомиллаштириш, депутатларнинг мақоми ва фаолият кафолатларини кенгайтириш ҳамда қарорлар қабул қилишда очиқликни таъминлашни бир мақсад йўлида уйғунлаштиргани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳисобот тизимида аниқлик ва жонли мулоқот
Янги Фармон билан маҳаллий Кенгашлар сессиялари ҳамда доимий комиссиялар мажлисларида эшитиладиган ҳисобот ва ахборотлар рўйхати тўлиқ тизимлаштирилди. Аввал турли қонунчилик ҳужжатларида тарқоқ ҳолда белгиланган 20 та ваколат 6 та ягона йўналишга жамланиб, сессияда эшитиладиган 13 та ва доимий комиссияларда кўриб чиқиладиган 11 та аниқ ҳисобот турлари шакллантирилди. Бунда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг 15 та ваколати даражалар кесимида аниқ ажратилгани жойларда иш юритишни анча енгиллаштиради. Эндиликда, ҳар бир даражадаги Кенгаш ўз ҳудудига мос масалаларга эътибор қаратади ҳамда ортиқча такрорланишлар барҳам топади.
Яна бир эътиборга молик жиҳат жиҳати шундаки, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўз ҳисоботини белгиланган муддатда шахсан тақдим этиши ва ўз фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилаётганда сессияларда шахсан иштирок этиши шарт қилиб белгиланганидир.
Шу билан бирга, ҳар чоракда бир марта Кенгаш сессияси кун тартибидаги биринчи масала сифатида ҳоким, унинг ўринбосарлари ва тегишли масъуллар иштирокида айнан аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, сайлов округларидаги муаммоларни муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу янгилик Кенгаш йиғилишларини аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларга бевосита ечим топадиган амалий мулоқот майдонига айлантиришга хизмат қилади.
Депутат ташаббуси учун молиявий имконият ва ишончли кафолат
Фармонда халқ вакилларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган мутлақо янги молиявий ва ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, 2028 йилги маҳаллий бюджет лойиҳасини шакллантиришдан бошлаб, ҳудудлар тоифасига қараб маҳаллий бюджет харажатларининг 3 фоизидан 5 фоизигача бўлган қисмини бевосита депутатларнинг ташаббуси асосида йўналтириш тартиби жорий этилади. Бу ташаббуслар келгуси йил бюджет сўрови шакллантирилишидан камида бир ой олдин тайёрланиши депутатларнинг сайловчилар билан мунтазам ишлаб, энг зарур лойиҳаларни олдиндан режалаштиришига кенг йўл очади.
Шунингдек, депутатнинг асосий иш жойидаги ҳуқуқлари ҳам қатъий ҳимоя остига олинди. Мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотлар ўз ходими бўлган депутатнинг сессия, доимий комиссия, партия гуруҳлари мажлислари ҳамда сайловчилар билан учрашувларда қатнашишига шароит яратиб бериши, бу даврда унинг иш жойи ва ўртача ойлик маоши сақланиши кафолатланмоқда. Мазкур жараёнга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда прокуратура органларининг масъул этиб белгиланиши халқ вакилларининг эркин ва хотиржам фаолият юритиши учун мустаҳкам ҳимоя вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, депутатнинг тегишли ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқи унинг мақоми даражасига мос равишда аниқлаштирилди. Кенгашларга эса ўз қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган ёки ҳисобот тақдим этмаган мансабдор шахсларга нисбатан юқори турувчи органга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ваколати берилмоқда. Мазкур норма Кенгаш қарорларининг таъсирчанлигини ва ижро интизомини янги босқичга олиб чиқади.
Очиқлик ва қонунийлик — жамоатчилик ишончининг гарови
Ҳужжатнинг яна бир муҳим йўналиши Кенгаш қарорларининг сифати ва ошкоралигини оширишга қаратилган. 2026 йил 1 декабрдан эътиборан туман ва шаҳар Кенгашлари қабул қиладиган ҳужжатлар лойиҳалари юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Бу маҳаллий даражада қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг амалдаги қонунчиликка тўлиқ мувофиқ ва пишиқ-пухта бўлишини таъминлайди.
2027 йил 1 январдан эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида фуқароларнинг кузатувчи сифатида (сессия ишига аралашмаган ҳолда) иштирок этиш амалиёти жорий қилинади. Мажлислар эшигининг жамоатчилик учун очилиши фуқароларда маҳаллий бошқарувга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, депутатлар ва ижро органлари фаолиятига бўлган ишончни янада оширади.
Бир сўз билан айтганда, ПФ–247-сон Фармон маҳаллий вакиллик органларини ҳудуд бюджетида ўз сўзига эга, ижро интизомига таъсир кўрсата оладиган ва жамоатчилик учун доимо очиқ ишлайдиган нуфузли тузилма сифатидаги мавқеини янада юксалтирмоқда. Ушбу янгиланишлар жойлардаги хайрли ислоҳотлар самарасини ошириш, энг муҳими, ҳар бир маҳалла ва хонадон фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Умида НУРУЛЛАЕВА,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти