Халқаро экспертлар ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди
Хитойнинг Сиан шаҳрида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида халқаро таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди. Унда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 нафардан зиёд эксперт, дипломат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази Belt and Road Studies Network (BRSN) халқаро тадқиқот марказлари тармоғига аъзоликка қабул қилинди.
– Одамлар бу лойиҳаларнинг фойдасини кундалик ҳаётида ҳис қиляптими? Барқарор электр таъминоти, манзилга тезроқ етиб бориш, янги касбий кўникмалар ва бозорларга кенгроқ чиқиш имконияти, биз учун энг муҳим натижалар шулардир, – деди Марказ ижрочи директори Элдор Туляков йирик халқаро лойиҳаларнинг муваффақияти ҳақида сўзлар экан.
Шунингдек, Марказ директори халқаро экспертлар ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича учта ташаббусни илгари сурди.
Халқаро лойиҳалар самарадорлигини баҳолашнинг умумий методологиясини ишлаб чиқиш, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб таҳлил марказлари ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, ёш тадқиқотчилар стажировкалари ва қўшма илмий изланишларни кенгайтириш кабилар шулар жумласидандир.
“Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотига кўра, форум доирасида Марказий Осиёга бағишланган “Central Asia Insights” ахборот платформаси ҳам ишга туширилди.
Ташриф давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Шанхай хорижий тиллар университети ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА