Ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида
Ховос туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган омбудсман мактаби ташкил этилди.
Унда Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, сенатор Покиза Аҳмеджанова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Бекзод Нариманов ҳамда Ховос тумани ҳокими Қомус Йўлдошевлар иштирок этишди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ижтимоий сиёсатнинг устувор вазифаси ҳар бир фуқаронинг муаммосини ўз вақтида аниқлаш, эҳтиёжини ўрганиш ва унга манзилли ёрдам кўрсатишдан иборат. Бу жараёнда давлат идоралари, маҳаллий Кенгашлар ва депутатларнинг масъулияти ҳамда ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Омбудсман мактабида сўзга чиққан вилоят Кенгаши раиси, сенатор Покиза Аҳмеджанова ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишда депутатлик корпусининг ўрнига алоҳида тўхталди. Хусусан, жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, мурожаатларни чуқур ўрганиш, ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларнинг муаммоларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Шунингдек, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш, белгиланган имтиёз ва хизматлардан эҳтиёжманд фуқароларнинг ўз вақтида фойдаланиши учун зарур чораларни кўриш, мурожаатларни расмиятчилик учун эмас, балки аниқ натижага эришиш мақсадида кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик назоратининг аҳамияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув давомида ижтимоий ҳимоя хизматлари сифатини ошириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларига бефарқ бўлмаслик ва ҳар бир масалага индивидуал ёндашиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Омбудсман мактаби кўтарилган масалалар ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича амалий чораларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, ижтимоий давлатнинг асосий мезони — ҳар бир инсоннинг қадри, ҳуқуқи ва манфаатлари ишончли ҳимоялангани, ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмаслигидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири