Лойиҳанинг кузги мавсумига старт берилди
Сирдарё вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбирларига старт берилди. Шу муносабат билан Ховос туманидаги «Янгиер» маҳалласи ҳудудида, ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонида йирик кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Унда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳитдинов, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир олдидан сўзга чиққанлар «Яшил макон» лойиҳасининг экологик аҳамияти, унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар ва олдинда турган вазифалар хусусида фикр билдирдилар. Таъкидланганидек, кўчат экиш шунчаки мавсумий тадбир ёки белгиланган режани бажаришдан иборат эмас. Бу — ҳудуднинг экологик қиёфасини ўзгартириш, табиий мувозанатни сақлаш ва келажак авлодлар учун соғлом яшаш муҳитини яратишга қаратилган узоқ муддатли жараёндир.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 21 сентябрь куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган тақдимотда билдирган фикрлари бу борадаги ишлар учун муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. Давлат раҳбари лойиҳа самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Бу ёндашувнинг моҳияти шундаки, кўчат экиш — якуний натижа эмас, балки катта экологик ишларнинг бошланишидир. Асосий вазифа эса экилган ҳар бир ниҳолнинг яшаб қолиши, илдиз отиб, соғлом дарахтга айланиши учун зарур шароит яратишдан иборат. Демак, энди натижадорлик фақат экилган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг яшовчанлиги, парвариши ва йиллар давомидаги ривожланиши билан ҳам белгиланади.
— Энг асосийси, бу борадаги ишларга нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этишиб, кўп йиллик ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқишиб, тадбир иштирокчиларига ўз маслаҳат ва тавсияларини бермоқдалар. Мақсадимиз — атроф-муҳитни яшилликка буркаш, ўзимиздан кейинги авлодларга гўзал боғлар ва обод ҳудудларни мерос қилиб қолдириш, — дейди Ўзбекистон «Нуроний» жамғармасининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев.
Дарҳақиқат, бугунги экологик ташаббусларда нуронийларнинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Чунки табиатга меҳр, дарахт экиш ва уни асраб-авайлаш маданияти авлоддан авлодга ўтиб келадиган қадриятдир. Ёшларнинг бундай тадбирларда иштирок этиши эса уларда атроф-муҳитга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.
Кузги мавсум доирасида Ховос туманидаги мазкур ҳудудга 6 минг туп чинор, шумтол, каталпа, қайрағоч ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бу жараёнда кўчатларнинг сифати ва ҳудуд шароитига мослигига ҳам эътибор қаратилди. Эътиборли жиҳати, экиш ишларида фойдаланилаётган кўчатларнинг бир қисми Сирдарё вилоятидаги кўчатчилик хўжаликларида етиштирилган бўлса, қолган қисми водий вилоятларидан келтирилган. Бу эса кўчат таъминотида маҳаллий имкониятлардан фойдаланиш билан бирга, бошқа ҳудудлар билан ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
[gallery-32574]
— «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг жорий йил кузги мавсумида Сирдарё вилояти бўйича жами 9 миллион 536 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу кўламдаги ишларнинг самарали ташкил этилиши, аввало, масъул идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳамжиҳатлигига боғлиқ, — дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов.
Вилоятда кўкаламзорлаштириш ишлари фақат кузги мавсум билан чекланмайди. Жумладан, жорий йил баҳорги мавсумида ҳудудларда 9 миллион 120 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бунда кўчат турларини танлашда вилоятнинг табиий-иқлим шароити, тупроқ унумдорлиги ва ер майдонларининг экологик хусусиятлари ҳисобга олинди.
Энг муҳими, экиш ишлари билан бир қаторда, ниҳолларнинг кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилмоқда. Уларни парваришлаш учун масъуллар бириктирилиб, суғориш, ўсиш ҳолатини кузатиш ва муҳофаза қилиш чоралари белгиланган. Зеро, кўчатнинг тутувчанлиги ва соғлом ривожланиши унинг қай даражада тўғри экилиши, ўз вақтида суғорилиши ҳамда мунтазам парваришланишига бевосита боғлиқ.
Сирдарё вилояти учун кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат аҳоли яшаш жойларини ободонлаштириш, балки ҳудуднинг ўзига хос табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, шамол эрозияси ва чанг-тўзонга қарши курашишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги «Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори доирасида Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларида, Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларда иҳота дарахтзорлари ва «яшил белбоғ»лар барпо этиш ишлари бошланди.
Мазкур лойиҳа доирасида жами 158,7 гектар ер майдони ажратиш ва умумий узунлиги 84 километр бўлган ҳимоя ўрмонзорларини ташкил этиш назарда тутилган. Бу мақсадда Сирдарё вилояти ҳокимининг 2026 йил 28 январдаги «Сирдарё давлат ўрмон хўжалигига “Яшил белбоғ” барпо этиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ўтказилган хатлов ва ўрганишлар натижасида Мирзаобод туманида 11,36 гектар, Оқолтин туманида 39,97 гектар, Ховос туманида 28,35 гектар ҳамда Сирдарё туманида 79,01 гектар ер майдони танлаб олинди. Жами 158,7 гектарни ташкил этувчи ушбу майдонлар 84 километрлик чегара чизиғини қамраб олади.
Айни пайтда лойиҳанинг амалий босқичлари ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан, Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларидаги 79,68 гектар ер майдонида лойиҳалаш ишлари якунланган. Баҳорги мавсумда эса чегара ҳудудининг 3,5 километрлик қисмида 10 минг тупдан ортиқ кўчат экилди.
— «Яшил белбоғ»лар кучли шамол ва чанг-тўзонларнинг салбий таъсирини камайтириш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда муҳим табиий тўсиқ вазифасини бажаради. Энг муҳими, бугун экилаётган ҳар бир кўчат келажакда ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Шу боис лойиҳани сифатли амалга ошириш, кўчатларнинг тутувчанлигини таъминлаш ва уларни мунтазам парвариш қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди Сирдарё вилояти ўрмон хўжалиги директори Абдулла Болибеков.
Чегарадош ҳудудларда барпо этилаётган иҳота дарахтзорлари келгусида кучли шамол таъсирини пасайтириш, чанг-тўзоннинг тарқалишини чеклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва қишлоқ хўжалиги майдонларини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Бундай яшил ҳимоя ҳудудлари нафақат ерлар деградациясининг олдини олиш, балки атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Сирдарёда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари, баҳорги ва кузги мавсумлардаги кўчат экиш тадбирлари, чегарадош ҳудудларда барпо этилаётган «яшил белбоғ»лар — барчаси бир мақсадга, яъни вилоятнинг экологик қиёфасини ўзгартириш, табиий бойликларини асраш ва келажак авлодлар учун соғлом муҳит яратишга қаратилган. Бу ташаббусларнинг аҳамияти эса йиллар ўтиши билан, бугун экилган ниҳоллар соя-салқин берадиган дарахтларга, ҳимоя дарахтзорлари эса шамол ва чанг-тўзон йўлидаги мустаҳкам табиий қалқонга айланганида янада яққол намоён бўлади.
Зеро, ҳақиқий натижа тупроққа қадалган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг қанчаси илдиз отиб, яшаб қолгани ва табиатга қанчалик наф келтираётгани билан ўлчанади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА