Вилоят ҳокими – фуқаролар ҳузурида
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Урганч туманига бўлиб, навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Қабулда нафақат туман аҳолиси, балки вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 145 нафар фуқаронинг соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш каби қатор ижтимоий-маиший масалалар юзасидан талаб ва таклифлари, ариза ва шикоятлари ўрганилди.

– Турмуш ўртоғимнинг соғлигида жиддий муаммо бор, – дейди мурожаатчи Севара Бобожонова. – Шу сабабдан унга ёлғиз қаровчи менман ҳамда ишсизман. Ўғлимнинг ҳам эшитиш билан боғлиқ дарди бор. Унинг қулоғидаги имплант эшитиш мосламаси ҳам ишламай қолди. Вилоят ҳокими ўғлимни эшитиш мосламаси билан таъминлашга ва оиламизга моддий ёрдам кўрсатишга топшириқ берди. Ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Вилоятнинг биринчи раҳбари ҳар бир фуқаронинг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг муаммоларини тезкор, холис ва адолатли ҳал этиш бўйича тегишли масъулларга аниқ кўрсатмаларни берди.
– Оиламиз ижтимоий реестрга киритилган, – дейди Насиба Абдуллаева. – Вилоят ҳокими билан олдин ҳам учрашиб, муаммоларимга ечим топганман. Уйимиз томини ёпиб, бемор эримни даволатишга ёрдам берган. Бугун қизимнинг кўз жарроҳлик амалиётига ёрдам сўраб келдим. Дардимни тинглаб, барча харажатларни қоплаб беришини билдирди.

Мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал қилинди. Ечими маълум вақт ва ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири