Курсантлар Ватанга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) академиясига жорий йилда ўқишга қабул қилинган курсантларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирнинг очилишида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов мамлакатимизда ёшларга яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, билим олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасини мукаммал ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Академиянинг кундузги таълим бакалавриатида қабул квотаси 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб 700 тадан 900 тага оширилгани, жорий йилда эса 1,1 мингтага етказилгани қайд этилди. Кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш ва рақамли таълим муҳитини яратиш мақсадида Академия инфратузилмаси тубдан модернизация қилиниб, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган янги инновацион бино ва иншоотлар барпо этилмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида Иқтидорли курсантлар кенгаши ташкил этилиб, билимли, ташаббускор ва фидойи курсантлар учун “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендия, “Академия аълочиси”, “Иқтидорли курсант” кўкрак нишонлари ҳамда “Чўлпон” кўкрак нишони ва стипендияси таъсис этилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 августдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформaция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Академияда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилган. Курсантлар биринчи курсдан бошлаб ИИВ соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларига бириктирилади. Курсантларга ўқишни якунлагунга қадар “катта сержант” махсус унвони берилади.
Кўрсаткичларини реал вақт режимида жамлаб бориш мақсадида яхлит рақамли портфолио яратилиб, кадрларнинг хизмат фаолиятидаги ўсиш салоҳиятини прогноз қилиш ва уларга “истиқболли карьера” модели бўйича тавсиялар бериш амалиёти жорий этилади.


Янги қарор асосида ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг ягона, узлуксиз ва замонавий тизими йўлга қўйилиб, таълим сифати ва самарадорлиги мутлақо янги босқичга чиқмоқда.
Тадбирда ҳар бир курсант вазирлик раҳбарияти, нуфузли меҳмонлар, шахсий таркиб ва ота-оналар олдида Ватанга, халққа ва Президентга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
Тадбирда бир гуруҳ юқори босқич курсантларига стипендия гувоҳномалари ҳам топширилди.


Тадбирда сўз олганлар ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш учун сўнги йилларда йўлга қўйилган ўзига хос тизим, ота-оналарнинг фарзандларидан кутаётган юксак натижалари ҳақида тўхталиб, ёшларга яна бир бор ишонч билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА