Тошкентда “GEOMIN 2026” халқаро конференцияси ўз ишини бошлади
Бугунги кунда минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, янги конларни ўзлаштириш, геология-қидирув ишларига илғор технологияларни жорий этиш ҳамда критик минераллар базасини кенгайтириш жаҳон миқёсидаги долзарб вазифалардан бирига айланяпти. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий геофизик тадқиқотлар эса геология соҳасида янги имкониятларни очиб бермоқда.
Айнан шу масалаларга бағишланган “GEOMIN 2026” халқаро конференцияси бугун Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади. Анжуман дунёнинг 26 мамлакатидан геология, тоғ-кон саноати ва минерал ресурслар соҳаси вакилларини бирлаштирди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) ҳамкорлигида ташкил этилган.
Анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) президенти Rocky Detomo ва бошқалар сўзга чиқиб, геология-қидирув ишларини ривожлантириш, минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамиятини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мазкур нуфузли тадбир “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология-қидирув ишларини ривожлантириш” мавзусига бағишланган. Унда фойдали қазилмаларни излаш ва қидиришнинг янги ёндашувлари, замонавий технологиялар, профессионал тажриба алмашиш ҳамда давлат тузилмалари, геология хизматлари, саноат, илм-фан ва технологик компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
“GEOMIN 2026” доирасида 26 мамлакатдан 70 дан ортиқ ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Дастурдан 100 дан ортиқ тақдимот, 25 та техник сессия, 34 нафар асосий спикернинг чиқишлари ҳамда юқори даражадаги учта панель муҳокамаси ўрин олган.
Тадбирнинг марказий мавзуларидан бири янги конларни излаш самарадорлигини оширишда сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги геологик маълумотлардан фойдаланишдир. Халқаро экспертлар замонавий таҳлилий воситалар, прогнозли моделлаштириш, геологик ва геофизик маълумотларни тўплаш ҳамда қайта ишлашнинг янги технологияларини муҳокама қилмоқда.
Дастурда энергетик ўтиш, юқори технологияли саноат ва глобал таъминот занжирлари барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этаётган критик ва стратегик ресурсларга ҳам катта ўрин ажратилган. Минерал ресурсларни қидириш ва ўзлаштириш истиқболлари, инвестиция имкониятлари ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
"GEOMIN 2026” конференциясининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатда геология ва тоғ-кон саноатида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ер қаъридан фойдаланишни тартибга солиш тизими такомиллаштирилмоқда, бозор механизмлари ва инвестицияларни жалб этишнинг замонавий ёндашувлари жорий қилинмоқда, геологик маълумотлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари рақамлаштирилмоқда.
Эслатма ўтамиз, “GEOMIN” илк бор 2025 йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилган. Тошкентда иккинчи халқаро конференциянинг ташкил этилиши “GEOMIN”нинг давлат тузилмалари, геология хизматлари, саноат, илм-фан ва технологик ҳамжамият вакилларини геология-қидирув ҳамда минерал ресурслар соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун бирлаштирувчи профессионал платформа сифатида ривожланишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА