Ҳар бир хонадон — эътибор марказида
Камбағалликни қисқартириш — бу фақат статистик кўрсаткичларни яхшилаш ёки бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш эмас. Бу, энг аввало, инсонга ўз меҳнати билан муносиб даромад топиши, оиласини фаровон ҳаёт сари етаклаши учун имконият яратишдир. Шу боис бугун мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш масаласига инсон қадри, унинг меҳнат салоҳияти ва оила фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир оила учун барқарор даромад манбаини яратиш борасида мутлақо янги ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айниқса, «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизими орқали ҳар бир оиланинг ҳолатини чуқур ўрганиш, муаммонинг сабабини аниқлаш ва унга мос ечим топишга устувор аҳамият берилмоқда.
Бугун бу эзгу мақсадлар Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ҳам аниқ амалий ишлар билан уйғунлашмоқда.
Туман ҳокимлигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқаролар даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни тизимли ташкил этиш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини янада кучайтиришга бағишланган штаб йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Республика Халқ банки департаменти директори Дилшод Эргашев, АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий маркази раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова, туман ҳокимлигининг масъул вакиллари, маҳаллаларга бириктирилган масъуллар ҳамда штаб аъзолари иштирок этишди.
Йиғилишда маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Фақат рақамлар ва ҳисоботлар эмас, балки ана шу рақамлар ортида турган инсонлар тақдири, оилаларнинг турмуш шароити, уларнинг меҳнат қилиш имконияти ва даромад манбаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, бир оиланинг камбағалликдан чиқиши — битта рақамнинг ўзгариши эмас. Бу бир хонадонда ишонч пайдо бўлиши, фарзандлар келажагига умид кучайиши, оила бюджети барқарорлашиши ва инсоннинг ўз кучига бўлган ишончи ортиши демакдир.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалладаги камбағал ва ишсиз фуқаролар, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ҳамда қўшимча даромад топиш имконияти мавжуд оилалар билан манзилли ва индивидуал ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ҳар бир хонадоннинг ижтимоий ҳолати, меҳнат салоҳияти, мавжуд имкониятлари ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш муҳимлиги қайд этилди. Чунки ҳар бир оиланинг муаммоси бир хил эмас. Кимдир иш излаётган бўлса, яна бир фуқаро касб ўрганишга муҳтож. Бошқа бир оилада тадбиркорликни бошлаш учун ғоя бор, аммо молиявий имконият чекланган. Яна кимдир ўз томорқасидан етарлича фойдаланмаяпти. Демак, ҳар бир хонадонга бир хил ёндашув эмас, балки унинг ўзига хос имконият ва эҳтиёжидан келиб чиқадиган аниқ ечим керак.
Шу боис масъулларга ҳар бир хонадоннинг “даромад харитаси”ни шакллантириш, мавжуд меҳнат ресурсларини аниқлаш ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши ёки доимий иш билан таъминланишига олиб келадиган механизмларни ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланди.
Фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредит ва молиявий кўмак имкониятларидан самарали фойдаланиш, томорқа ва ижара ерларидан унумли фойдаланиш, хонадонларда даромадли фаолият турларини йўлга қўйиш каби йўналишларга устувор аҳамият қаратилди. Бу ёндашувнинг моҳияти оддий: инсонга тайёр ёрдам беришдан кўра, унинг ўзи барқарор даромад топиши учун имконият яратиш — энг самарали ва узоқ муддатли ечимдир.
Бугун маҳалла нафақат ижтимоий масалалар ҳал этиладиган ҳудуд, балки аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Шу сабабли маҳаллаларга бириктирилган масъуллар фаолиятини янада кучайтириш, ҳудуддаги вазиятни қоғоздаги ҳисоботлар орқали эмас, бевосита хонадонларга кириб ўрганиш вазифаси қўйилди.
Масъуллар ҳар бир оиланинг дардини эшитиши, мавжуд муаммони аниқлаши ва уни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилиши керак. Бу жараёнда “муаммо бор” деган қайднинг ўзи етарли эмас. Муҳими — муаммонинг ечими, натижаси ва инсон ҳаётидаги амалий ўзгаришдир.
Йиғилишда аниқланган муаммоларни тезкор бартараф этиш, фуқароларни ишга жойлаштириш, янги даромад манбаларини яратиш ва ҳар бир хонадонни иқтисодий фаол ҳаётга жалб этиш бўйича амалий чораларни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Штаб йиғилишида Халқ банки тизими билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва уларнинг натижадорлигини доимий назорат қилиб бориш муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Энг муҳими, кредит ажратиш жараёни якуний мақсад эмаслиги, балки у фуқаронинг ҳақиқий даромад манбаига айланиши лозимлигига урғу берилди. Яъни маблағ берилди — иш битди, деган ёндашув эмас, балки кредит эвазига янги иш ўрни яратилдими, оила даромади ошдими, лойиҳа барқарор ишлаяптими деган саволларга жавоб излаш асосий мезон бўлиши керак. Сабаби, камбағалликни қисқартиришда энг муҳим мезон — берилган ёрдамлар сони эмас, балки ўзгарган инсон ҳаётидир.
Шу маънода, Вобкент туманида ўтказилган штаб йиғилишида ҳар бир маҳалла кесимида аниқ режалар белгилаб берилгани муҳим аҳамият касб этади. Масъулларга бириктирилган ҳудудлардаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, ишсиз фуқароларни банд қилиш, тадбиркорликка мойил аҳолига кўмаклашиш, янги даромад манбаларини яратиш ва камбағал оилаларни босқичма-босқич фаровон ҳаётга олиб чиқиш бўйича вазифалар юклатилди.
Бу ишларнинг самараси эса ҳар бир хонадон мисолида кўринади. Бир инсон ишли бўлса — бир оиланинг даромади ошади. Бир оила тадбиркорликка киришса — янги имконият пайдо бўлади. Бир хонадон ўз томорқасидан унумли фойдаланса — қўшимча даромад манбаи яратилади. Бир маҳаллада ўнлаб шундай оилалар ўзгарса, бутун ҳудуднинг иқтисодий қиёфаси ўзгаради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири