Олмалиқда замонавий экопарк барпо этилади
Олмалиқ шаҳрида аҳоли учун замонавий маданий ҳордиқ маскани яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва шаҳарнинг экологик муҳитини яхшилашга қаратилган янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Хусусан, шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Haocheng Industry Group” компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган музокаралар якунига кўра, Камалак маҳалласи ҳудудида замонавий “Экопарк” сайёҳлик боғини барпо этиш бўйича келишувга эришилди. Бунинг учун қарийб 15 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этилади. Экопаркнинг ташкил этилиши Олмалиқ шаҳрида яшил ҳудудларни кўпайтириш, аҳоли ва меҳмонлар учун замонавий дам олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа инвестори энергетика ва инфратузилма объектларини тўлиқ молиялаштириш ҳамда қуриб фойдаланишга топшириш EPC+F йўналишида халқаро тажрибага эга компания ҳисобланади.

Компания томонидан Австралия, Хитой ва Индонезия каби давлатларда йирик объектлар амалга оширилган. Айни пайтда Ўзбекистонда, жумладан, “Янги Тошкент” ҳудуди ҳамда Сирдарё ИЭСда умумий қиймати 420 миллион доллардан ортиқ бўлган стратегик энергетика ва инфратузилма лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Янги лойиҳанинг амалга оширилиши Олмалиқ шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш баробарида, шаҳар аҳолиси учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА