Жамоатчилик назорати ва очиқлик масалалари
Коррупцияга қарши курашиш — давлат ва жамият тараққиёти, қонун устуворлиги, адолат ва халқ ишончини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири. Бу борада фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини кучайтиришнинг ўзи етарли эмас. Жараёнда давлат идоралари масъулиятини ошириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини қарор топтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу борада ҳуқуқий ва институционал механизмлар изчил такомиллаштирилмоқда. Айниқса, давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш ва ҳар бир раҳбарнинг ўз фаолияти натижалари учун масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу вазифалар ижроси, ҳудудларда коррупциянинг олдини олиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Бухорода “Коррупцияга қарши назорат, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш” мавзусида тренинг ташкил этилди.
Тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тренингнинг асосий мақсади ҳудудий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, жойлардаги коррупциявий муаммо ва хавф-хатарларни аниқлаш, уларни баҳолаш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришдан иборат бўлди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишга қаратилган аниқ ва амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш кўникмаларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида соҳадаги қонунчилик нормалари, уларнинг амалиётдаги аҳамияти ва ҳудудий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Амалий машғулотларда эса ҳудудлардаги мавжуд вазиятлар таҳлил қилиниб, ахборот алмашиш, вазифаларни тақсимлаш ва қабул қилинадиган қарорларни ўзаро мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлашда жамоатчилик назоратининг ўрни, очиқ маълумотлардан самарали фойдаланиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
[gallery-32380]
Иштирокчилар фуқаролар мурожаатлари, статистик кўрсаткичлар, очиқ маълумотлар, оммавий ахборот воситалари материаллари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари хулосалари асосида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш усулларини ўргандилар. Бунда тасдиқланган фактларни тахмин ва текширилмаган маълумотлардан фарқлаш, қўшимча ахборотга бўлган эҳтиёжни белгилаш ҳамда келиб тушган хабарларга қонунчилик талаблари асосида муносабат билдириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Амалий машғулотлар натижасида мавжуд маълумотларни текшириш, масъул ташкилотларни белгилаш, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини мониторинг қилиш бўйича таклифлар тайёрланди. Ҳудудлар кесимида шакллантирилган мазкур таклифлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Уларда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва устувор йўналишлари инобатга олинади.
Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишда натижага эришиш унинг оқибатларига қарши чора кўриш билангина эмас, балки бундай иллатни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш, давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва жамоатчиликнинг фаол иштирокини кучайтириш билан белгиланади. Шу маънода, мазкур тренинг ҳудудий кенгашлар салоҳиятини ошириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва жойларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган тизимли ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини ошириш ва ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришдан иборат.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари