Самарали ҳамкорлик эътирофи
Аҳоли саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, соғлом жамият барпо этиш нафақат замонавий тиббий инфратузилма ва малакали мутахассислар, балки инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган самарали тизимни ҳам тақозо этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳсин Ражабов аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги самарали ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ушбу эътироф соғлиқни сақлаш тизимида инсон манфаатларини устувор қўйиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳамкорликнинг муносиб баҳоси бўлди.
Зеро, тиббиётда энг муҳим мезон — инсон саломатлиги ва унинг розилигидир. Шу боис соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш аҳоли ишончини ошириш, тиббий хизматларда очиқлик ва масъулиятни кучайтириш, ҳар бир фуқаронинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири