Ватанга муҳаббатнинг болалар нигоҳидаги ифодаси
Биринчи синфга чиққан қизим билан Тарбия фанидан берилган уйга вазифа — Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини биргаликда чиздик. Аниқроғи, мен йўналиш бериб турдим, у ўзи чизди.
Ушбу вазифани бажариш мобайнида она-бола Ватан байроғи ҳақида анча суҳбатлашиб, фикрлашиб ҳам олдик. Байроғимиздаги ранглар, ой ва юлдузлар ниманинг белгиси эканлиги, қандай маъно англатиши ҳақидаги саволларимга қизим жўшиб, тўлқинланиб жавоб берди. Энг муҳими, жуда аниқ ва тўғри жавоб қайтарди. Бундан жуда қувондим.
“Энди ёнига ўзингнинг расмингни ҳам чизиб, байроқни кўтариб тургандай кўринишни ҳосил қила қол”, дедим расмни янада бойитиш маъносида. Расм чизишни жуда хуш кўрадиган қизим бундан илҳомланиб, байроқ олдига ўзининг расмини ҳам чиройли қилиб чизиб қўйди.
— Мана, юртимиз байроғини қўлида баланд кўтариб турган Имронахон! Байроқни кўрганингда нималарни ҳис қиласан, қизим? — дедим.
— Бизнинг байроғимиз энг чиройли байроқ. Уни кўрганимда хурсанд бўламан, фахрланаман. Ватанимиз кўз олдимга келади, яхши ўқишим керак, деб ўйлайман. Шахматга, гимнастикага бораётган ўртоқларимнинг медаль олганлари кўз олдимга келади, — деди.
Суҳбатимизни эшитиб турган опаси (9-синфда ўқийди) ҳам фикр билдириб, “Мен эса Ўзбекистон байроғини доим энг юксакларда ҳилпираб турганини кўз олдимга келтираман ва тинчликни, хотиржамликни ҳис қиламан. Чунки ҳозир энг тинч-осойишта, хотиржам юрт бизнинг Ўзбекистонимиз”, дея қўшиб қўйди.
Биз она-болаларнинг Ватан байроғи ҳақидаги қисқагина суҳбатчамиз икки кундирки, хаёлимда айланади. Болаларимнинг мулоҳазаларидан, тасаввурларидан фахрланиб, тўлқинланиб оламан — шукрки, тинч-осуда юртдамиз, фарзандларимиз бехавотир, кенг қулайликларда таълим оляпти. Ўзимиз ҳам хотиржам ўз касб-коримиз, фаолиятимиз билан машғулмиз. Оилаларимиз фаровон, рўзғоримиз бут, дастурхонларимиз тўкин.
Ана шундай тинч Ватанда юртимиз рамзлари фарзандларимизнинг жажжи қалбларида катта орзулар жўш уришига, ватанпарварлик, юртни севиш туйғулари шаклланишига замин бўлмоқда.
Ўзбекистон байроғи халқаро майдонларда, юксак чўққиларда ҳилпираб, ҳар бир ватандошимизнинг кўксини ғурур ва ифтихорга чулғамоқда.

Қаерда бўлмайлик, баландларда кўтарилган Ўзбекистон байроғига кўзимиз тушганда, албатта, қалбимиз бир қалқиб олади. Бу қалқиш шу Ватанга, шу заминга боғланган томирларимиз мустаҳкамлигидандир, “она Ватан” сўзи Ўзбекистон номи ила онгу шууримизга, вужудимизга сингиб кетганидандир, ота-боболаримиздан мерос шу элу юртга чексиз меҳримиз, муҳаббатимиз важидандир.
Шуларни ўйлар эканман, Ўзбекистонимизнинг байроғи энг олдинги ва юқори ўринларда, мангу ҳилпираб туришини ният қиламан.
Қизим билан чизган Ватан байроғига эса ҳар куни бир қараб оляпман ва Ўзбекистон байроғи ҳақидаги суҳбатларимиз ҳар куни давом этяпти...
Муҳтарама Комилова, ЎзА