Глобал таҳдидлар шароитида маданий мерос муҳофазаси: Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуси
Бугунги глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш халқаро ҳамжамият олдидаги долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Тарихий ёдгорликларга шаҳарларнинг жадал кенгайиши ва экологик ўзгаришлар таъсир кўрсатаётган бир пайтда, уларни муҳофаза қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш зарурати ортмоқда.
Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225 сессиясида Ўзбекистон ташаббуси асосидаги қарор лойиҳасининг бир овоздан маъқулланиши эса ана шу масалаларга қаратилган халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратди.
“Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш чоралари самарадорлигини ошириш”га бағишланган ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 30 октябрда Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43 сессияси очилишида илгари сурилган эди.
Ташаббуснинг асосий мақсади моддий ва номоддий маданий меросни замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, хавфларни олдиндан баҳолаш ҳамда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.
- Ташаббуснинг долзарблиги шундаки, маданий меросни муҳофаза қилиш энди фақат ёдгорликларни реставрация қилиш билан чекланмайди, - дейди сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Маъмурахон Асрорхўжаева. - Ҳарорат ва намликнинг ўзгариши қадимий қурилиш материалларига, урбанизация тарихий шаҳарлар қиёфасига, глобаллашув эса маҳаллий анъана ва ҳунармандчилик мактабларининг давомийлигига таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда илмий мониторинг, рақамли ҳужжатлаштириш ва маҳаллий мутаҳассислар иштирокини кучайтириш муҳофаза ишларининг муҳим таркибий қисмларига айланиши мумкин. Ўзбекистон илгари сурган таклифнинг халқаро қўллаб-қувватланиши ҳам эътиборга молик. Қарор лойиҳасига Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари ҳаммуаллиф сифатида қўшилган.
Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлар бор. Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги, Буюк Британиянинг “The London Post” ҳамда Венгриянинг “Origo” нашрлари ҳам ушбу воқеани кенг ёритди. Бу маданий меросни асраш масаласи турли минтақалар учун ҳам бирдек зарурат эканини кўрсатади.

Қарор билан боғлиқ амалий режалардан бири – 2027 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда халқаро симпозиум ўтказиш таклифининг маъқулланганидир. Унда иқлим хавфларини камайтириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, анъанавий билимларни сақлаш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Анжуман якунида маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
М.Асрорхўжаева сўзларига кўра, Ўзбекистон учун мазкур жараён халқаро маданий ҳамкорликни миллий тажриба билан боғлаш имкониятини беради. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларда меросни асраш, туризмни ривожлантириш ва замонавий шаҳарсозлик эҳтиёжларини мувофиқлаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Халқаро илмий тажриба ва замонавий муҳофаза усулларидан фойдаланиш ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Шу маънода, Самарқандда илгари сурилган ташаббуснинг Парижда қўллаб-қувватланиши, Хивада эса унинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш режалаштирилгани ўзаро боғлиқ жараёндир.
Энди асосий вазифа - халқаро келишувларни аниқ тавсиялар ва миллий муҳофаза амалиётидаги натижалар билан мустаҳкамлаш зарур. Бинобарин, маданий меросни асрашнинг энг муҳим мезони – тарихий ёдгорликлар ва анъаналарни келгуси авлодларга тўлақонли етказишдан иборат.
Гўзал Сатторова, ЎзА