Нукусда журналистларнинг касбий этикаси кодекси муҳокама қилинди
Бугунги ахборот асрида журналист зиммасидаги масъулият, сўз эркинлиги ва холислик тамойилларига амал қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Зеро, журналист нафақат ахборот етказувчи, балки жамоатчилик фикрини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Нукус шаҳрида «Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси» лойиҳаси тақдимоти ва жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Учрашув давомида кодекс лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган асосий тамойиллар, журналистнинг касбий масъулияти, ахборотни холис ва ишончли тарзда етказиш, шунингдек, касбий этика меъёрларига риоя қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Жонли мулоқот руҳида кечган муҳокамада иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан таклифларини ўртага ташлади.
Таъкидлаш жоизки, бундай учрашувлар журналистика соҳасида касбий масъулиятни ошириш, ҳамкасблар ўртасида тажриба алмашиш ва журналистик фаолиятда ахлоқий мезонларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА