Уйни ҳадя қилишда кимларнинг розилиги керак?
Ҳуқуқий муносабатУй-жой билан боғлиқ битимлар ҳамиша аҳоли ўртасида кўплаб саволлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Айниқса, мулкни яқин инсонлардан бирига ҳадя қилиш истаги туғилганда, энг биринчи дуч келинадиган тўсиқлардан бири — уйда рўйхатда, яъни «прописка»да турган бошқа оила аъзоларининг тақдири ва уларнинг бу жараёндаги ўрни масаласидир.
Хусусан, кўпчилик уйда шунчаки яшаш ва рўйхатда туриш ҳуқуқини мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан аралаштириб юборади. Бу эса оилаларда турли келишмовчиликлар, ҳадя жараёнининг кечикиши ёки асоссиз хавотирларга сабаб бўлади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қонунчилигига кўра мол-мулк дахлсиздир. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 164-моддасига мувофиқ, мулкдор ўз мол-мулкини қонун доирасида тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Аммо Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш квартира ёки уй мулкдорининг, вояга етган оила аъзоларининг ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади.
Яъни, уй-жой ёки квартира хусусийлаштирилган бўлса, уни тасарруф этишда оила аъзоларининг ва хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг ҳам розилиги инобатга олинади.
Умумий биргаликдаги мулкни ҳадя қилишда розилик масаласига кўра, Фуқаролик кодексининг 225-моддасига кўра умумий биргаликдаги мулкни ҳадя қилишда умумий биргаликдаги мулкнинг барча иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА